Германиянинг ривожланиш молия институти ва Triodos Investment Management «Ипак Йўли» АИТБ акциядорларига айланишмоқда
Германиянинг ривожланиш молия институти DEG-Deutsche Investitions-und Entwicklungsgesellschaft mbH ва Triodos Investment Management (ўзининг Triodos Microfinance Fund фондидан) «Ипак Йўли» АИТБ акциядорлик капиталига 25 миллион АҚШ доллари атрофида сармоя киритишди.
Инвесторлар янги чиқарилган акцияларни сотиб олиш йўли билан банкнинг акциядорлик капиталидаги миноритар улушини қўлга киритди, бу уларнинг Ўзбекистондаги банкнинг акциядорлик капиталига илк инвестиция киритишини англатади. Сармоялар банкнинг капитал базасини мустаҳкамлашга, шунингдек, Ўзбекистондаги хусусий сектор компанияларининг молиявий эҳтиёжларини қондиришга сарфланади.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, молия секторининг инвестицион салоҳиятини ошириш бўйича белгиланган вазифалар хорижий инвесторларнинг банк соҳасига бўлган қизиқишининг ошишига ёрдам берди. Европанинг иккита нуфузли молия институтлари «Ипак Йўли» банкининг акциядорларига айланаётганидан хурсандмиз, бу 2015 йилда бошланган ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни стратегик шерикликнинг янги босқичига олиб чиқади. Биз ишонамизки, «Ипак Йўли» банкига киритилган капитал нафақат банкка, балки Ўзбекистоннинг банк секторига бўлган ишончни намойиш этади ва ушбу соҳага янги хорижий инвесторларни жалб қилишга ёрдам беради», - деди «Ипак Йўли» АИТБ бошқаруви раиси Саидаброр Сайдаҳмедов. «Янги акциядорларимизнинг билим ва тажрибалари бизнинг фаолиятимиз сифати ва самарадорлигини сезиларли даражада яхшилашга, шунингдек, банкнинг биринчи ривожланиш молия институти – акциядори бўлган Осиё тараққиёт банки кўмаги билан бошланган институционал трансформацияга қўшимча ёрдам беради».
«Бу «Ипак Йўли» банки билан кўп йиллик ва ишончли ҳамкорлигимизнинг навбатдаги қадами. Биз «Ипак Йўли» мижозлари ва Ўзбекистондаги молия сектори манфаатлари учун банкнинг доимий ўсишини таъминлаш учун банк раҳбарияти ва барча акциядорлар билан ишлаш имкониятини сабрсизлик билан кутяпмиз. DEG сармояси экологик ва ижтимоий стандартларни ҳисобга олган ҳолда, кичик ва ўрта корхоналар ва чакана мижозлар учун қўшимча молиялаштиришга имкон беришидан мамнунмиз», - деди DEG бошқарув кенгаши аъзоси Моника Бек.
Triodos Microfinance Fund жамғармаси бошқарувчиси Тим Крайнс: Бу Triodos Microfinance Fund учун акциядорлик капиталига бўлган янги ажойиб инвестиция. Кичик ва ўрта бизнес секторига эътибор қаратган ҳолда, «Ипак Йўли» банки хусусий тадбиркорликни кўпроқ қўллаб-қувватлайди ва шу билан Ўзбекистонда бозор иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшади. Биз фаолиятни кенгайтириш учун «Ипак Йўли» банки билан қўшма ишимиз бошланишини, шунингдек, барқарор банк фаолиятини жорий этиш бўйича тажрибамиз билан ўртоқлашишни ва «Ипак Йўли» банки бошқаруви ва стратегик ривожланишида иштирок этишни сабрсизлик билан кутяпмиз.
DEG
Деярли 60 йил давомида DEG ривожланаётган ва ўтиш даврида бўлган мамлакатларда фаолият юритадиган хусусий сектор корхоналари учун ишончли шерик ҳисобланади. DEG мижозларга махсус ечимларни таклиф этади, шу жумладан, молиялаштириш, тарғиб қилиш дастурлари ва индивидуал эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, консультация бериш. Шундай қилиб, компаниялар қўшилган қиймат ва малакали иш ўринларини яратган ҳолда, муваффақиятли ва барқарор ривожланишлари мумкин. DEG – хусусий секторни молиялаштирувчи дунёдаги энг йирик ташкилотлардан бири бўлиб, дунёнинг 80 давлатида 9 миллиард еврони ташкил этадиган портфелга эга.
Батафсил: www.deginvest.de
Triodos Investment Management
Triodos Investment Management (Triodos IM) ўз маблағлари узоқ муддатли ижобий ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган лойиҳаларга киритилишини истайдиган кўплаб инвесторларни бирлаштиради. Бунда, Triodos IM янада адолатли, барқарор ва инсонпарвар босқичга ўтишда муҳим роль ўйнайдиган тармоқларда катализатор сифатида хизмат қилади. Компания энергетика, иқлим ўзгариши, молиявий инклюзия, барқарор озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга бўлган 25 йиллик муваффақиятли сармоялар давомида чуқур билимларни тўплаган. Шунингдек, компания жамиятнинг барқарор ривожланишига катта ҳисса қўшадиган биржада рўйхатдан ўтган компанияларга сармоя киритади. Triodos IM - 50та мамлакатда 750дан ортиқ инвестицияга эга ижтимоий-ўзгарувчан лойиҳаларнинг глобал фаол инвесторидир. Triodos IM 1980 йилда ташкил топган ва барқарор банк фаолиятини олиб боришда етакчи эксперт бўлган, бошқарув остидаги активлари 4,9 миллиард еврони ташкил этадиган (2020 йил июнь охирига кўра) Triodos Bank NV филиалидир.
Батафсил: www.triodos-im.com
«Ипак Йўли» АИТБ
1990 йилда ташкил этилган «Ипак Йўли» АИТБ Ўзбекистондаги универсал тижорат банки ҳисобланади. Банк кичик бизнес субъектларига ва хусусий тадбиркорликка, шунингдек, 16та филиал ва 37та экспресс-марказларни ўз ичига оладиган ривожланган филиал тармоғи орқали чакана мижозларга кенг турдаги хизматларни тақдим этади. «Ипак Йўли» банки мижозлар базасини кенгайтириш, минтақадаги мавжудлиги, ҳар бир мижознинг эҳтиёжларини қондириш учун хизматлар сони ва турларини кўпайтириш орқали ўз бизнесининг доимий ўсишига интилади. 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, банкнинг умумий активлари 5,9 трлн сўмни ташкил қилди.
Батафсил: ipakyulibank.uz
Реклама ҳуқуқи асосида
Мавзуга оид
16:55 / 24.05.2023
“Ипак Йўли” Банки ХSRIK билан янги шартнома орқали кичик ва ўрта бизнесни исломий молия билан таъминлайди
19:00 / 22.05.2023
“Ипак Йўли” банки европалик ҳамкорлар билан хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
08:44 / 20.12.2022
ITFC Ипак Йўли банки билан қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг молиялаштиришга оид шартномани имзолади
18:55 / 15.09.2022