Жамият | 08:27 / 28.08.2020
18293
5 дақиқада ўқилади

Консерва мавсуми: бозор ва дўконларда мева-сабзавотлар нархи қандай?

Қиш ғамини ёзда ейиш керак. Ўзбек хонадонларида совуқ мавсум учун уй консервалари – тузлама, компот кабиларни тайёрлаш ҳаракати асосан август ойидан бошланади.

Фото: Depositphotos

Мавсум талабидан келиб чиққан ҳолда уй шароитида консервалаш учун талаб юқори бўлган асосий маҳсулот турларининг айни кунлардаги нархларини ўрганиб чиқдик.

Тошкент шаҳридаги йирик супермаркетларда ўртача нарх-наво қуйидагича:

Сабзавотлар:

·       Бақлажон (узунчоқ) – 3000 сўм, бақлажон (юмалоқ) – 4000 сўм

·       Қизил помидор – 3500 сўм, пушти помидор – 10500 сўм

·       Бодринг – 5500 сўм

·       Саримсоқпиёз – 37 500 сўм, тозалангани – 40 000 сўм

·       Яшил булғор қалампири – 4300 сўм, қизил булғор қалампири – 5000 сўм

·       Қовоқча (кабачки) – 7000 сўм

·       Пиёз – 2500 сўм

·       Қалампир – 7000 сўм

·       Карам – 2000 сўм.

Мевалар:

·       Олма – 7000 сўмдан 14 000 сўмгача

·       Олхўри (юмалоқ) – 26 000 сўм, олхўри (қирғизча, узунчоқ) – 7500 сўм

·       Шафтоли – 15 000 сўм, шафтоли (тукли) – 10 000 сўм

·       Нок – 26 000 сўм

·       Анжир (қора) – 20 000 сўм, анжир (сариқ) – 25 000 сўм

·       Кишмиш узум – 10 000 сўм.

Тошкент шаҳри деҳқон бозорларидаги нарх-наво билан танишинг.

Сабазавотлар:

·       Бақлажон – 2500-3000 сўм

·       Булғор қалампири (қизил ва яшил) – 3000 сўм

·       Бодринг – 3000 сўм

·       Қизил помидор – 2000 сўм, пушти помидор – 3000 сўм

·       Пиёз – 2500 сўм

·       Саримсоқпиёз – 3000 сўм (бир бош), 35 000 сўм (кг)

Мевалар:

·       Анжир (қора ва сариқ) – 10 000 сўм

·       Шафтоли – 10 000 сўмдан 18 000 сўмгача

·       Олма – 7000 сўмдан 11 000 сўмгача

·       Нок – 25 000 сўм

·       Узум – 8000 сўмдан бошланади.

Дўкон ва бозорларда ўсимлик мойини навига қараб 11 000 сўмдан бошлаб топиш мумкин. Банка қопқоғи 21 000 сўмдан 25 000 сўмгача (50 дона), резвали қопқоқ 15 000 сўм (10 дона) нархда сотилмоқда.

Шунингдек, банка қопқоғини маҳкамлаш учун мўлжалланган ярим автомат ускунани ўртача 90 минг сўмга харид қилиш мумкин.

Уй шароитида консервалар сифатли чиқиши, яхши сақланиши учун қуйидаги тавсиялар асқатиши мумкин:

– Консервалаш учун сифатли маҳсулотларни саралаб олинг. Бузила бошлаган, ҳашаротлар таъсирига учраган маҳсулотлар узоқ сақланмайди.

– Банкаларни стерилизация қилишга меъёридан ортиқ зўр бериш ҳам керак эмас. Бир литрли банкани 15-20 дақиқа стерилизация қилиш кифоя.

– Қопқоқни ёпиб, зичлаб маҳкамлагач, банкани тўнкариб қўйинг. Бу қопқоқнинг қўшимча стерилизацияланиши учун керак.

– Консерваланган банкалар ҳали иссиқлигини йўқотмаган пайтда қалин мато (адёл, кўрпа)га ўраб қўйинг. Бу банкаларнинг бирданига эмас, балки секинлик билан совиши учун керак. Шунда маҳсулотлар консерва муҳитига яхши мослашади.

– Тайёр консервалар 5-20 даражадаги ҳарорат бўлган жойда, қуёш нурларидан узоқда сақланса, камида 2 йил яхши ҳолатда туради.

Мавзуга оид