Ўзбекистон | 10:46 / 28.08.2020
5221
3 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши курашга йўналтирилган пул маблағлари сарфи бўйича текширув ҳамда процессуал ҳаракатлар назоратга олинди - агентлик

Андижон, Наманган, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва бошқа ҳудудларда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан катта миқдордаги пул маблағлари ноқонуний ўзлаштирилган.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва уни олдини олишга йўналтирилган пул маблағларининг сарфланиши бўйича текширув ҳамда процессуал ҳаракатлар назоратга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти томонидан Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат жамғармаси фаолияти юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувнинг дастлабки натижалари ҳақида ахборот берилди.

Унга кўра, масъуллар ўзаро олдиндан тил бириктириб, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини қиммат нархларда сотиб олиб, жамғарманинг 2,8 млрд сўм маблағларини талон-торож қилгани аниқланган. Жиноят иши бўйича тўлақонли тафтиш тайинланган. Айбдорларнинг тегишли жавобгарликка тортилиши, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилиши таъминланади. 

Пандемия муносабати билан ажратилган пул маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари бундан аввал ҳам аниқланган. Жумладан, Андижон, Наманган, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва бошқа ҳудудларда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан катта миқдордаги пул маблағлари ноқонуний ўзлаштирилган.

“Коррупцияга қарши курашиш агентлигига фуқаролардан ушбу масала юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Табиийки, айрим мансабдорлар томонидан бундай хатти-ҳаракатларнинг, айниқса, пандемия муносабати билан юзага келган мураккаб даврда амалга оширилиши аҳолининг кескин эътирози ва норозилигига сабаб бўлмоқда. 

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармоннинг 2-банди талаблари доирасида Агентлик кенг қамровли ўрганишлар бошланганлигини маълум қилади.

Қайд қилинган фармоннинг 3-бандига асосан, коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини таҳлил қилиш Агентликнинг бевосита вазифаси ҳисобланади”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, таҳлил натижалари жамоатчилик эътиборига етказилади.

Мавзуга оид