Жаҳон | 21:43 / 28.08.2020
6779
2 дақиқада ўқилади

Туркия ЕИнинг Ўрта ер денгизида георазведка ишларини тўхтатиш тўғрисидаги талабини рад этди

Анқара Ўрта ер денгизидаги вазият кескинлашишида Афина ва Никосияни айблади.

Фото: AP

Туркия Европа иттифоқининг Ўрта ер денгизида геология-разведка ишларини тўхтатиш тўғрисидаги талабини рад этди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хами Аксойнинг баёнотида маълум қилинди.

"Мамлакатимизнинг ўз континентал шельфида геология-разведка ишларини олиб боришини танқид қилишга ва бу ишларни тўхтатишни талаб қилишга ЕИнинг ҳаққи йўқ. Биз ЕИ мамлакатларини Грециянинг бирдамлик баҳонаси остидаги халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид талабларини қўллаб-қувватламасликка чақирамиз", - дейилади баёнотда.

Шунингдек, баёнотда айтилишича, "Шарқий Ўрта ер денгизидаги вазият ҳал бўлишини истаса, ЕИ ҳалол воситачи бўлиши лозим".

Бундан ташқари, Ўрта ер денгизидаги вазият кескинлашишида Анқара яна бир бор Афина ва Никосияни айблади.

Аввалроқ Берлинда ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтган ҳамда Евроиттифоқ Шарқий Ўрта ер денгизида бурғулаш ишларини олиб бораётгани учун Туркияга қарши санкциялар ишлаб чиқишни тезлаштиришга келишиб олинганди.

Греция ва Кипр Туркиянинг алоҳида иқтисодий ҳудуд ва Кипр республикаси шельфида бурғулаш ишларини олиб боришини қоралаб келмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид