Жамият | 09:49 / 29.08.2020
5581
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида фуқароларни 2,2 млрд сўмга алдаган шахслар ушланди 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Фото: Тергов департаменти

2019 йилнинг сентябрь ойидан 2019 йилнинг декабрь ойига қадар Тошкент вилоятида 30 ёшли З.Д. ва 50 ёшли Ё.Т. бир гуруҳ бўлиб, ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида ўзларини МЧЖнинг раҳбарлари сифатида таништирган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар минерал ўғит баҳоси арзон бўлган вақтда сотиб олиб, сўнг баҳоси қимматлашган вақтда сотиш орқали фойда кўришни таклиф этиб, 42 ёшли А.Д.нинг ишончига кириб, Оҳангарон тумани ҳудудида ундан 1 млрд. 700 млн. сўм ва 44 ёшли А.А.дан 500 млн. сўм миқдоридаги пулларни алдаш йўли билан қўлга киритиб, шу кунга қадар қайтариб бермаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. З.Д. ва Ё.Т. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. 

Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид