Ўзбекистон | 12:03 / 30.08.2020
43613
2 дақиқада ўқилади

Россияда ишлаш учун фуқароларнинг навбатдаги гуруҳи жўнаб кетди

Ўзбекистонлик 287 нафар фуқаро Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Ватандошлар 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди, деб маълум қилди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

«Уларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчида касаллик аниқланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши, шунингдек, ойлик иш ҳақи ўртача 40-60 минг рублни ташкил этиши белгиланган», – дейилади хабарда.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Эслатиб ўтамиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россия Федерацияси иш берувчилари ўртасида пандемия даврида Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш мақсадида музокаралар ўтказилиб, Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида 4 мингдан зиёд бўш иш ўринлари таклиф этилган, уларга Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилган.

Айни пайтда ишлаш истагидаги фуқаролар завод қурилиши учун босқичма-босқич жўнатилмоқда.

Бу завод қурилишида ишлаш учун 31 июлда 144 нафар, 12 августда 84 нафар фуқаро ҳам ташкиллаштирилган ҳолда юборилган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид