Ўзбекистон | 15:42 / 30.08.2020
4403
4 дақиқада ўқилади

Сардоба тумани кенгаши айрим мактабларда ўқиш 7 сентябрдан бошланишини маъқуллади

Халқ депутатлари Сардоба туман Кенгаши сессиясида 26 нафар депутат, сектор раҳбарлари, ОАВ вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Сессия кун тартибига киритилган дастлабки масала — туманда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан туман ҳокими А.Хидиров, ҳоким ўринбосари А.Эргашев, туман ХТБ бошлиғи Р.Тошпўлатовнинг ахбороти тингланди.

Айни пайтда туманда 15 та МФЙ мавжуд бўлиб, 13700 оила, 64819 нафар фуқаро истиқомат қилади. Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатлами таҳлил қилинганда туманда 1782 та камбағал оиладан 7168 нафар фуқаро “темир дафтар”га киритилган. Ўзини-ўз банд қилган 559 та оила камбағаллик тоифасидан чиқарилган. Ҳозирги кунда “темир дафтар”даги 1223 та эҳтиёжманд оиланинг 1004 нафар аъзоси меҳнатга лаёқатли бўлиб, бу фуқароларни 2020 йилнинг август-декабр ойларида ишга жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Президент фармонига асосан тумандаги  “темир дафтар”га киритилган 1043 оиланинг 4434 нафар аъзосига 220 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пуллари етказиб берилган.

Бугунги кунда туман аҳолисининг 3547 нафари хорижда меҳнат қилаётган бўлиб, улардан 806 нафари аёллар ва 2741 нафари эркакларни ташкил этади. Улар орасидан Россия Федерациясида 1684 нафар, Қозоғистонда 1437 нафар, Жанубий Кореяда 93 нафар ва қолган 268 нафар фуқаро бошқа давлатларда меҳнат қилмоқда.

Сардоба туманида йил якунига қадар саноат йўналишида 78 та лойиҳанинг ишга туширилиши эвазига 1130 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 1364 нафар ишсиз фуқаро бандлигини таъминлаш учун Меҳнат вазирлиги томонидан 3 млрд 050,9 млн сўм ажратилиши режалаштирилган.

Пандемия натижасида тумандаги 64 та ташкилот фаолияти тўхтатилганлиги туфайли бюджетга тушадиган маблағлар кескин камайиб кетган. Туманда 44 та корхона фаолияти қайта тикланади. Йил охирига қадар 136 та тадбиркорлик субъектлари қайта ташкил этилади.

Ҳайит байрами муносабати билан 1314 оилага 985 млн сўм, дори-дармон воситалари учун 30 млн, 108 млн сўм ёрдам пуллари ва 27 млн сўмлик чорва моллари тарқатилган. 364 млн сўм томорқа хўжалиги учун ажратилган. 125 та оилага 0,5 ва 1 сотихли иссиқхоналар қуриб берилган.

105 нафар тез тиббий ёрдам ходимларига 251 млн сўм, 14 ёшгача фарзанди бўлган 1240 та оилага 277 млн сўм, 2 ёшгача бўлган фарзанди бор 1549 оилага 673 млн сўм, шунингдек, 220 та оилага моддий ёрдам сифатида қариийб 1 млрд сўм пул маблағлари топширилган.

1 августга қадар тумандаги 6281 нафар пенсионерга 4 млрд 721 млн сўм пул маблағлари тўланган бўлса, 1 сентябрдан (10 фоиз ошиши натижасида) тўланадиган пенсия маблағлари 5 млрд 193 млн сўмга ошади.

Сардоба сув омборидан талафот кўрган ҳудудларда ирригация ва мелиорация соҳасини тиклаш учун 2 трлн сўм пул маблағлари сарфланган. Уй-жойидан айрилган ва жиддий зарар кўрган фуқароларга қурилаётган хонадонлар (1480 та) учун 680 млрд сўм сарф қилинган.

Сессия кун тартибига киритилган иккинчи масала — умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналари ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари тўғрисида бўлди.

Сардоба туманида 2019/2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларида 10536 нафар ўқувчи таълим олган. Янги, 2020/2021 ўқув йили бошланиши бўйича 25-26 август кунлари тумандаги 21 та умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналари иштирокида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Унда 10781 нафар ота-оналардан 9232 нафари иштирок этган бўлиб, 7113 нафари таълим олишнинг анъанавий шаклини танлашган. Овоз бериш жараёнида ота-оналарнинг 37 фоизи ўқишни 7 сентябрдан, 32 фоизи 14 сентябрдан ва 7,7 фоизи 2 октябрдан бошлаш учун овоз беришган.

Эпидемиологик вазият барқарор бўлган, аҳоли учун умумтаълим мактабининг жойлашган ери қулай эканлигини ҳисобга олиб, 17-сонли умумтаълим мактабида ўқишни 7 сентябрь санасидан бошланиши режалаштирилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида 2019 йилда 4 та, 2020 йилда 5 та умумтаълим мактаблари қайта таъмирдан чиқарилди.

Сессия кун тартибида ўрганилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ш.Юнусов, Kun.uz мухбири.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид