Ўзбекистон | 08:58 / 31.08.2020
3318
2 дақиқада ўқилади

Falcon 9 Аргентинага қарашли сунъий йўлдош билан Ернинг қутб орбитасига учирилди  

АҚШнинг SpaceX компанияси Флоридадаги Канаверал бурнидан Ернинг қутб орбитасига биринчи марта Falcon 9 ракетасини учирди. Ракета орбитага Аргентинага қарашли сунъий йўлдошни етказади. 

Компаниянинг твиттердаги саҳифасида ушбу парвоз “ўзига хослиги” таъкидлаб ўтилган. “Бу SpaceX’нинг ушбу нуқтадан биринчи марта қутб орбитасига ракета учиришидир. Бу Falcon 9 фазога йўлида Флориданинг шарқий соҳили бўйлаб учишини англатади”, дейилган хабарда.

Аргентинанинг SAOCOM 1B сунъий йўлдоши унинг радари бутун сайёра бўйлаб кузатув олиб бора олиши учун қутб орбитасида қолиши керак. SOACOM тизими қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ омилларни, мисол учун, тупроқ намлигини кузатиш учун мўлжалланган.

Дастлабки режага кўра, SpaceX орбитага 9 соат оралиқ билан иккита Falcon 9 ракетасини учирмоқчи бўлган. Бироқ об-ҳаво ёмонлиги сабабли парвозлардан бири қолдирилган. 2-ракета орбитага Starlink интернет тармоғига мўлжалланган навбатдаги сунъий йўлдошлар гуруҳини элтиши керак эди. 

Август бошида SpaceX’нинг Crew Dragon кемаси Халқаро коинот станциясидан Ерга қайтганди. Кема Falcon 9 ракетаси ёрдамида 30 май куни фазога учирилган Бу парвоз хусусий компания амалга оширган тарихдаги биринчи фазовий парвоз ва АҚШнинг 2011 йилдан кейинги илк бошқарилувчили парвози бўлган.

Мавзуга оид