Ўзбекистон | 17:50 / 31.08.2020
7797
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак»

Бугунги оғир вазият ҳар бир фуқародан ўз фаолияти ва масъулиятини янада кучайтиришни талаб этмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида мустақилликнинг 29 йиллиги байрамига бағишланган тантанали тадбирда маълум қилди.

«Бугунги оғир вазият ҳар биримиздан ўз фаолиятимиз ва масъулиятимизни янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Халқимизда «Кўз – қўрқоқ, қўл – ботир», деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз, кўзлаган марраларимизга эришамиз.

Муқаддас китобларда айтилганидек, ҳар қандай қийинчилик ортидан албатта бир енгиллик келади. Барчамиз бунга ишонамиз ва қодир Оллоҳдан шуни сўраймиз.

Ҳали кўп Наврўз ва Ҳайит айёмларини, тарихий саналар ва умумхалқ байрамларини ҳаммамиз биргаликда шоду хуррамлик билан ўтказамиз, иншооллоҳ.

Мана, келгуси йили давлатимиз мустақиллигига ўттиз йил тўлади. Мамлакатимиз тарихидаги ушбу унутилмас шонли санани ҳар томонлама муносиб нишонлашни ният қилганмиз. Илоҳим, шу кунларга соғ-омон, ёруғ юз билан етиш ҳаммамизга насиб этсин.

Маълумки, бугунги байрам арафасида турли соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг катта бир гуруҳи давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Уларнинг барчасини қизғин табриклаб, ижтимоий фаолиятлари ва шахсий ҳаётларида янги-янги муваффақиятлар тилайман», - деди президент.

Мавзуга оид