Жаҳон | 08:09 / 31.08.2020
3904
2 дақиқада ўқилади

Япониянинг янги бош вазири сайланадиган сана маълум бўлди 

Япония бош вазири Синдзо Абэ истеъфога чиқишини эълон қилгандан кейин ҳукмрон Либерал-демократик партия етакчиси лавозимига номзодлар бўйича сайлов 14 сентябрда, бош вазир сайлови эса 17 сентябрда бўлиб ўтади. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбаларга таяниб Kyodo ахборот агентлиги хабар берди.

Японияда ҳукмрон партия етакчиси бош вазир лавозимини эгаллайди.

Jiji агентлигининг хабар беришича, 16 сентябргача Либерал-демократик партияда бошқа тайинловлар бўйича ҳам бир қарорга келиниши керак. Шундан кейин номзодлар парламентнинг икки палатасига тасдиқланиш учун тақдим этилади.   

Партия етакчиси ва бош вазир лавозимига номзодлар орасида Япониянинг собиқ ташқи ишлар вазири Фумио Кисиду, Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидэ Сугу, турли вақтларда мудофаа, қишлоқ хўжалиги, ҳудудларни ривожлантириш масалалари бўйича вазир лавозимларини эгаллаган Сигэру Исибу бор. Кисида ва Суга сайловларда иштирок этишларини тасдиқлашган. 

Абэ 28 августда соғлиғидаги муаммолар сабабли истеъфога кетиши ҳақида эълон қилди. Абэнинг таъкидлашича, у бош вазир лавозимини эгаллаган 8 йил давомида “касалликни бир амаллаб енгиб келган”, бироқ июнда касаллик зўрайгани аниқланган. Сиёсатчини яллиғланишли колит безовта қилиб, у Абэнинг 2007 йилда ҳам бош вазир лавозимини бир йил эгаллагандан кейин истеъфога чиқишига сабаб бўлган. Бироқ кейинроқ унинг аҳволи яхшиланган ва у 2012 йилда яна бош вазир этиб сайланган. Абэнинг бу лавозимни узлуксиз эгаллаши муддати 2799 кунни ташкил қилиб, у бу борада япон сиёсатчилари орасида рекорд ўрнатди.      

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид