Ўзбекистон | 01:29 / 01.09.2020
12985
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ўнлаб янги корхоналарнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтди

Андижон вилоятида Мустақиллик байрами олдидан саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ишга тушириш анъанага айланган. Шу кунларда ҳудудда 50та ана шундай объектлар ишга туширилиб, уларда 5 мингта янги иш ўринлари яратилди.

31 август куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов янги очилаётган объектларнинг очилиш маросимларида қатнашди.

Хўжаобод туманининг чекка қишлоғида «Мустаҳкам текстил» жамияти томонидан тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик корхона иш бошлади. Лойиҳа қиймати 3 млн долларни ташкил этган мазкур фабрика йилига 7,2 млн дона маҳсулот ишлаб чиқаради. Кўзланаётган экспорт салоҳияти эса йилига 15 млн долларни ташкил этмоқда. Корхонада минг нафар маҳаллий йигит-қиз иш билан таъминланди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил Андижонга қилган ташрифи давомида минг иш ўрнига эга «ВПН» корхонасининг очилиш маросимида қатнашган эди. Хўжаободдаги текстил фабрикаси йил давомида фаолиятини бошлаган иккинчи ана шундай йирик ишлаб чиқариш корхонасидир.

«Makrofarm Al Sancar» жамияти аҳоли учун дам олиш ва тиббий хизмат кўрсатиш маркази мажмуасини фойдаланишга топширди. Дарё бўйида оилавий муолажалар олиш ва ҳордиқ чиқариш учун қад ростлаган коттеж типидаги масканлар айниқса жуда замонавий қурилган. 150 ўринли замонавий кўринишда қад кўтарган мажмуада 100та иш ўрни яратилган.

Балиқчи туманининг Чинобод шаҳарчасида иш бошлаган «Скортон текстиль» ип-йигирув фабрикаси йилига 15 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиш қувватига эга бўлиб, унда 450 нафар аҳоли вакиллари ишли бўлди.

Олтинкўл туманида ҳам «Яхши ният текстил» корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Фабрика йилига 1,5 млн доллар миқдорида экспорт қилиш салоҳиятига эга бўлиб, унда 200 нафар маҳаллий ёшлар иш бошлади.

Юқоридаги корхоналарнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирок этди.

«Андижонда мустақиллик байрами арафасида йил бошида режалаштирилган ишларни ҳосилини кўриш урф-одат бўлиб қолган. Халқимизни ҳаётдан рози қилишда энг асосий масала – ишчи ўрни яратиш. Бугун 6-7та объектга бориб корхоналарни очяпмиз. Ўринбосарларим ҳам бориб, бошқа ҳудудлардаги мана шундай тадбирларда иштирок этмоқдалар. Мазкур объектларда янги 5 мингдан ортиқ муқим ишчи ўринлари яратилди.

Биргина мана шу Хўжаобод туманидаги «Мустаҳкам текстил» корхонаси 1000 иш ўрнига эга. Бу ерда нафақат Хўжаобод тумани, балки қўшни туманлардан ёш аёлларимиз, қизларимиз бугун иш билан таъминланди.

Барча ишларимиз режа асосида кетяпти. Йил якунигача хотин-қизларимиздан салкам 20 минг нафарини ва 8 минг нафар ёшларни иш билан таъминлашни режалаштирганмиз», – деди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид