Бугун дунёнинг қарийб барча давлатларида конституция асосий қонун ҳисобланади ва бошқа ҳар қандай чиқариладиган қонун, қарор ҳамда фармонлар унга мувофиқ тарзда қабул қилинади. Шу туфайли конституция «Бош қомус», «Асосий қонун» деб ҳам аталади.

Конституция сўзи лотинча constitutio - «қурмоқ», «ташкил этмоқ» сўзларидан олинган. Конституциянинг тарихи қадимги грек давлатлари ва Рим империясига бориб тақалади.

Ўрта асрларда қабул қилинган конституциялар орасида 1529 йилда қабул қилинган Литва князлиги конституцияси энг қадимийси ҳисобланади.

Бугунги кундаям амалда бўлган қадимий конституциялар орасида АҚШ конституцияси ҳам бор. У 1787 йил 17 сентябрда Филадельфияда қабул қилинган. АҚШ конституциясини дастлаб бу давлатни тузган 13та штат ратификация қилган ва у кучга кирган. АҚШ конституцияси дунёдаги энг қатъий амал қилинадиган конституциялар сирасига киради.

Турли давлатларнинг конституцияларига даврлар ўтиши билан қандайдир ўзгартиришларга эҳтиёж туғилади. Шу жумладан, АҚШ конституциясига ҳам жами 27 марта ўзгартириш киритилган.

Хабарингиз бор, жорий йил 1 июлда Россияда конституцияга ўзгартиришлар киритиш ҳақида референдум бўлиб ўтди. Унда овоз берганларнинг қарийб 80 фоизи мамлакат конституциясини ўзгартириш учун «ҳа» деб жавоб берган. Қизиғи шундаки, Россия конституцияси бир шахс, амалдаги президент янада узоқроқ вақт бошқарувда қолиши учун имконият берадиган қилиб ўзгартирилди. АҚШ конституциясида эса 27 марта қилинган ўзгартиришларнинг аксариятида омма манфатлари назарда тутиб амалга оширилган.

Шунингдек, АҚШ конституциясига киритиладиган ўзгартиришлар учун референдум ўтказилмайди. Улар кучга кириши учун уни барча штатлар ратификация қилиши етарли бўлади.

АҚШ конституцияга дастлабки ўнта ўзгартириш 1789 йил 25 сентябрда амалга оширилган ва улар 1791 йил 15 декабрда кучга кирган. Қуйида АҚШ конституциясидаги ўзгартиришлар тарихига назар ташлаймиз.

1. Сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, турли йиғинлар ва намойишлар ўтказиш эркинлиги, петиция йиғиш ҳуқуқи.

2. Қурол сақлаш ва ёнда олиб юриш ҳуқуқи.

3. Ҳукуматга тегишли ҳарбийларни шахсий уйларга уларнинг эгаси розилигисиз жойлаштиришни тақиқлаш.

4. Ўзбошимчалик билан қидирув, таъқиб этиш ва ҳибсга олишларни тақиқлаш.

5. Тегишли суд жараёни кафолатлари, бир хил мазмундаги ҳуқуқбузарлик учун такроран тақиб этишни тақиқлаш, ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи, реквизиция учун кафолатлар бериш.