Жаҳон | 20:46 / 26.05.2022
17968
21 дақиқада ўқилади

«Биринчи тузатишга амал қил!»: АҚШ бош қомусига қандай тузатишлар киритилган?

Филаделфиядаги Конституция конвенти. Конституциянинг имзоланиши

Ўзбек сиёсатининг энг сўзамол вакилларидан бўлмиш Акмал Саидов «дунёда конституцион ислоҳотлар шарпаси кезиб юргани» ҳақидаги ибораси билан яна катта саҳнага чиқди. Икки марта президентликка номзод бўлган Саидов Конституцион ислоҳот комиссияси раиси бўлди. Унинг фикрича, конституция догма каби қотиб қолмаслиги, келажакдаги ҳаракатлар учун йўналиш бериши керак.

Саидов ҳатто АҚШ конституцияси ҳам ўзгартирилганини таъкидлади. Хўш, АҚШ конституциясига қандай тузатишлар киритилган? Нега давлатчилиги «кечагина пайдо бўлган» АҚШ конституциясига эталон сифатида қаралади?

1776 йилда инглиз мустамлакасидан озод бўлган АҚШ 11 йил ўтиб ўз конституциясига эга бўлади. «Улкан сувликнинг нариги томонида жойлашган янги ер»да пайдо бўлган Америка табиийки давлатчилик «кечагина пайдо бўлган» ўлка ҳисобланади. Аммо замонавий дунёда бу давлат шунчалик ривожланиб кетдики, ундаги қонунчилик, унга риоя қилиш эталонга айланиб қолди. Шу сабаб Акмал Саидов Ўзбекистон конституцияси ислоҳотга муҳтожлигини гапирар экан, ҳатто АҚШда ҳам бош қомусни ўзгартиришганини мисол қилиб келтирди.

1787 йилда қабул қилинган АҚШ конституцияси жуда ихчам кўринишда дейиш мумкин. У 7 та модда ва 27 та тузатишдан иборат. Моддалар аввал ёзилган, кейинчалик киритилган тузатишлар эса алоҳида киритилган. Конституцияда киритилган ҳар бир тузатиш бир бандга ажратилиб, унинг қачон қабул қилингани қайд этиб қўйилган.

АҚШгача ҳам конституция унсурларига эга қомуслар бўлган, масалан, 16 асрда Литва князлигида. Лекин замонавий дунё давлатчилигида АҚШ конституциясига биринчи конституция деб қаралади. 1787 йил 17 сентябрда Филаделфияда қабул қилинган АҚШ конституцияси ўша вақтда мамлакатга асос солган 13 штат ратификациясидан кейин кучга кирган.

Ҳозиргача АҚШ конституциясига 27 та тузатиш киритилган. Дастлабки тузатиш конституция қабул қилинганидан 2 йил ўтиб таклиф қилинган ва 1971 йилга бориб кучга кирган. Биринчи ўзгартириш пакетидан 10 та тузатиш ўрин олган. XVIII асрда яна бир тузатиш киритилади ва у суд билан боғлиқ. 11-тузатиш расман «Штатларнинг суд иммунитети» деб аталади унда шундай ёзилган: «Штатларда яшовчи кимгадир қарши берилган ариза федерал судлар томонидан эмас, ўша штатдаги суд томонидан кўриб чиқилиши керак».

XIX асрда АҚШ конституциясига жами 4 марта тузатиш киритилади. Хусусан, сайловда овоз бериш жараёнига ўзгартириш киритилиб, АҚШдаги бугунги мураккаб сайлов тизими юзага келади. 1865 йилда эса АҚШда расман қулликка барҳам берилгани мамлакат конституциясида мустаҳкамлаб қўйилади. Кейинги икки ўзгариш билан АҚШ фуқароларининг тенглик ҳуқуқи таъминланади, қизил танлилар ва қора танли собиқ қулларга ҳам сайлаш ҳуқуқи берилади.

Энг кўп ўзгариш XX асрда амалга оширилади. Ўтган аср мобайнида АҚШ конституциясига 12 та тузатиш киритилади. Хусусан, даромад солиғи, аёлларнинг сайлов ҳуқуқи, президент ва Конгресснинг сайланиш муддатлари, бир киши икки мартадан ортиқ президент бўла олмаслиги, 18 ёшдан сайлаш ҳуқуқи ва сенаторларга бериладиган қўшимча ҳуқуқлари XX асрдаги тузатишлар асосида АҚШ конституциясида мустаҳкамлаб қўйилади.

Қуйида АҚШ конституциясига киритилган барча ўзгаришлар санаб ўтилади.

1-ТУЗАТИШ. Сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, матбуот эркинлиги, мажлис эркинлиги, петиция бериш эркинлиги.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

АҚШда конституциянинг ҳар бир моддасига амал қилиш сиёсий маданиятга айланган, аммо мамлакат бош қомусига киритилган биринчи тузатиш америкаликлар учун айниқса қадрли ҳисобланади. Унга кўра, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, эътиқод эркинлиги, мажлис ўтказиш ва петиция (норозилик) йиғиш эркинлиги қатъий белгилаб қўйилади. Бу ҳуқуқларнинг таъминланишини америкаликлар шунчаки «Биринчи тузатишга амал қил» деб талаб қилишади.

Биринчи тузатишда Конгресс ҳеч қачон эътиқод эркинлиги, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, мажлис ёки петиция йиғиш эркинлигини чекловчи қонун чиқармаслиги белгилаб қўйилган.

2-ТУЗАТИШ. Қурол сақлаш ва уни олиб юриш ҳуқуқи.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

«Яхши ташкил этилган полиция мустақил давлат хавфсизлиги учун муҳим бўлгани каби фуқароларнинг қурол олиб юриши ва уни сақлаш ҳуқуқи бузилмаслиги керак», дейилади иккинчи тузатишда.

Америкаликлар орасида энг кўп тортишувларга сабаб бўладиган тузатиш мана шу дейиш мумкин. Мамлакатда эркин қурол олиб юриш, сақлаш, сотиб олиш ўз навбатида қурол-яроғ контрабандасини ҳам кучайтирган. Шу сабаб АҚШда ота-онасидан аразлаган ўсмир йигит ёки атрофдагилар эътиборидан четда қолган қария одамлар тўпланадиган жойга бориб, кўзига кўринган одамни отиб ташлаши янгилик эмас. 24 май куни Техасда мана шундай бебошлик 21 киши ўлимига сабаб бўлди. Улардан 19 нафари 9-10 ёшли болалар эди.

3-ТУЗАТИШ. Ҳарбийлар шахсий уйларга эгасининг розилигисиз кириши тақиқланади.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

Бу тузатишда қисқагина қилиб шундай деб ёзилган: «Ҳеч бир аскар тинч замонда ҳам, ҳарбий ҳолатда ҳам шахсий уйларга эгасининг розилигисиз кириши мумкин эмас; ҳарбий ҳолатда истисно тариқасида бунга рухсат берилиши мумкин, лекин тартибга солувчи қонун асосида».

4-ТУЗАТИШ. Ўзбошимчалик билан тинтув олиб бориш ва ҳибсга олиш тақиқланади.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

Бу тузатишда кимнингдир уйида тинтув ўтказиш учун асоссиз ордер бериш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Унга кўра, ордерда тинтув ўтказиладиган манзил, бу учун келтирилган асос, агар мавжуд бўлса, тинтув объекти аниқ кўрсатилиши шарт.

5-ТУЗАТИШ. Жиноий процессуал жараёнга жалб этилганлар учун кафолатлар. Битта ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортиш тақиқланади; ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи тақдим этилади; реквизиция жараёнида кафолатлар берилади.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

Судланувчилар ҳуқуқларини таъминлаш учун киритилган бешинчи тузатишга кўра, давлат ҳеч кимнинг мулкини товонсиз тортиб олиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, бу тузатиш бир жиноят учун қайта жавобгарликни тақиқлайди. Яъни фуқаро судда оқланадиган бўлса, ўша илгари сурилган айблов билан бошқа ҳеч қачон айбланмайди.

6-ТУЗАТИШ. Айбланувчилар ҳуқуқлари ва ҳакамлар ҳайъатининг суд муҳокамаси ҳуқуқи.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

Бу тузатишга кўра, ҳар қандай айбланувчи ўша округ ёки штатда очиқ ва тезда суд қилиниш ҳуқуқига эга. Айбланувчи ўзига қўйилган айблов билан танишиб чиқиши, ишга гувоҳлар жалб этиши ва ўз ҳимояси учун адвокат хизматидан фойдаланиш мумкин.

7-ТУЗАТИШ. Фуқаролик ишларини судда кўриб чиқиш ҳуқуқи.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

Бу тузатишда 20 доллардан кўпроқ қийматдаги мулк тортишувда бўлган ҳар қандай фуқаролик ишлари судда кўрилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

8-ТУЗАТИШ. Ҳаддан ташқари катта миқдордаги гаров ва жарималарни, шафқатсиз ва ғайриоддий жазоларни тақиқлаш.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

9-ТУЗАТИШ. Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқлар бошқа ҳуқуқларга соя солади, деб талқин этилмаслиги керак.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

Тўққизинчи тузатишга кўра, конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқлар инсонлар орасидаги бошқа ҳуқуқларга дахл қилмайди ёки уларни рад этмайди. Яъни бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган барча ҳуқуқлар конституцияда қайд этилмаган бўлмаса-да, амалда бўлади.

10-ТУЗАТИШ. Конституцияда давлат ҳал қилиши белгиланмаган масалалар штатлар ихтиёрига қолдирилади.

1791 йил, 15 декабрда кучга кирган.

Ушбу тузатиш билан штатларга бошқа ҳудудлардан ўзгача тарзда ривожланиш учун улкан имконият беради. АҚШда штатларнинг ҳуқуқлари ўнинчи тузатиш билан эмас, федерал ҳукумат билан кафолатлангани айтилади. Бу тузатишда штатларга қандайдир ҳуқуқ берилиши ҳақида гап бормаган бўлса-да, уларнинг ҳуқуқлари қайсидир босқичда чегараланмаслигига ҳам ишора қилади. Айнан шу сабаб АҚШнинг турли штатларида турлича тартиблар, қонунлар чекловлар ва эркинликлар бўлиши одатий ҳолат. АҚШ давлатчилигининг энг асосий омилларидан бири федераллик ҳисобланади ва ўнинчи тузатиш мана шу йўналишда штатларга катта имконият, мустақиллик беради.

11-ТУЗАТИШ. Штат судлари иммунитети: бирор штатда яшовчи фуқарога қарши берилган даъво аризаси федерал судларда эмас, ўша штат судида кўриб чиқилади.

АҚШ конституциясига XVIII асрда киритилган охирги ўзгартириш бўлмиш 11-тузатиш 1795 йил 7 февралда кучга кирган. Бу тузатишда назарда тутилган талаб шуки, штатларда қонунчиликдаги фарқлар инобатга олинган ҳолда суд ишлари штатларнинг ўзида кўриб чиқилиши керак. Бу тузатиш штатлар ҳудудий яхлитлигини таъминлаш кафолатланган конституцион ҳуқуқнинг амалдаги ижроси ҳамдир. Яъни штатларни бошқа штат фуқаролари томонидан бериладиган даъво аризаларидан ҳимоя қилади.

12-ТУЗАТИШ. Президент сайловларида овоз бериш тартибини ўзгартириш. 1804 йил 15 июндан кучга кирган.

XIX асрдаги АҚШ конституциясига илк тузатиш 1804 йилда киритилади. 12-тузатишга қадар АҚШда вакиллар фақат президентга овоз берган. Сайловда иккинчи ўринни олган номзод эса вице-президент бўлган. Ўз навбатида, бир штатдан икки номзодга овоз бериш бўйича тақиқ ўз кучида қолган. Ҳозир президентликка номзодлар вице-президент лавозимини ўзлари таклиф қилишмоқда.

12-тузатиш киритилишига 1800 йилдаги президентлик сайловларида юзага келган можаро сабаб бўлади. Айнан ўша сайловда конституциядаги сайлов бўйича камчиликлар кўриниб қолади. Томас Жефферсон ва Жон Адамс бир хил овоз олиб, ғолибни Вакиллар палатаси аниқлаб бериши керак бўлади. Охир-оқибат манфаатлар тўқнашуви сабаб сайлов ҳаққоний ўтганига шубҳа кучаяди. Шу сабаб тезда конституцияда бу борада тузатиш киритиш ҳаракати бошланади.

Айнан АҚШдаги мураккаб сайлов тизими сабаб 2016 йилги сайловларда Доналд Трамп демократлар вакили Ҳиллари Клинтонни мағлуб этади. Клинтонга Трампдан кўра 3 миллион кўпроқ одам овоз беради, лекин вакиллар овозлари сони ҳал қилувчи бўлгани учун Трамп ютиб кетади. Сайловчилар тўғридан тўғри президентга ҳам, ўз штатларида белгиланган вакилларга ҳам овоз беради. Вакилларга берилган овозлар сайлов натижасини ҳал қилади. Вакиллар штат аҳолиси сонига қараб белгиланади. Масалан, энг кўп вакиллар Калифорнияда.

13-ТУЗАТИШ. Қулдорлик бекор қилиниши.

1865 йил 6 декабрда кучга кирган.

13-тузатиш нафақат АҚШдаги, балки дунёдаги ҳаёт тарзини ўзгартириб юборади. Унга кўра, АҚШда қулдорлик тақиқланади ва қуллар озод қилиниши белгилаб қўйилади. АҚШда миллионлаб қуллар озод этилади, қул олиб келиб сотишга чек қўйилади. Шундан сўнг, Марказий ва Жанубий Америкада кўплаб давлатлар қулдорликни бекор қила бошлайди. Шу тариқа, Африкадан одамларни қул қилиб олиб кетиш деярли йўқолиб кетади.

13-тузатиш муаллифларидан бири 1861-1865 йилларда АҚШ президенти бўлган илк республикачи Авраам Линколн эди. Бу тузатишга қарамай, АҚШда қулдорликни бекор қилиш жараёни осон кечмайди. Ўша пайтда кўплаб қулларга эга бўлган жанублик мулкдорларнинг аксарияти бу тартибга қарши чиқади. Улар орасида штат губернаторлари, штатлардаги Вакиллар палатаси аъзолари ва бошқа юқори мартабали мансабдорлар ҳам бўлган. Қулдорлик бекор қилинадиган бўлса, жанубий штатлар АҚШ таркибидан чиқиб ўз конфедерациясини тузишини маълум қилади ва ўртада уруш бошланади. Беш йилга яқин вақт давом этган урушда қулдорликка қарши бўлган Шимолнинг қўли баланд келади ва АҚШда қулдорлик барҳам топади.

14-ТУЗАТИШ. АҚШ фуқароларининг тенглиги кафолатланиб, штатлар учун бу тенгликка дахл қилувчи қонун қабул қилиниши тақиқланади; бирор штатдаги сайловлар вақтида маълум бир тоифа фуқароларнинг ҳуқуқлари чекланса, ўша штатнинг Вакиллар палатасидаги ўрни қисқартирилади; АҚШга қарши қўзғолонларда қатнашган инсонлар штатлар маъмуриятида ишлаши тақиқланади; фуқароларга АҚШга душманлик кайфиятида бўлгани ёки қулларини озод қилгани билан боғлиқ йўқотишларни қоплаб бериш тақиқланади.

1868 йил 9 июлда кучга кирган.

Ушбу тузатишда АҚШда туғилган ёки фуқаролик олган барча тенг ҳуқуқли экани белгиланган. Штатларга маълум тоифа фуқароларни камситиш тақиқланган.

15-ТУЗАТИШ. Қора танли собиқ қуллар ва қизил танлиларга фаол сайлаш ҳуқуқи тақдим этилади.

1870 йил, 3 февралда кучга кирган.

15-тузатишга қадар АҚШда қора танли собиқ қуллар ва қизил танлилар сайлаш ҳуқуқига эга бўлмаган. «Сайлов ҳуқуқи Қўшма Штатлар ёки бирор штат томонидан фуқаронинг ирқи ва танасининг рангига қараб чекланиши керак эмас», деб аниқ ёзиб қўйилган XIX асрда АҚШ конституциясига киритилган охирги тузатишда.

16-ТУЗАТИШ. Мамлакатнинг барча ҳудудида тўғридан тўғри федерал бюджетга бориб тушадиган даромад солиғи жорий этилади.

1913 йил 3 февралда кучга кирган.

Аввалги асрда ирқий хилма-хиллик, қулчилик каби инсонларни камситган қарашларни чекловчи тузатишлар киритилган бўлса, XX асрдаги тузатишлар солиқ ислоҳоти билан бошланади. 16-тузатишга қадар штатлар йиғилган барча солиқларни ўзида қолдириб, федерал бюджетга солиқ топширмаган. Янги тартибдан кейин эса даромад солиқлари марказлашган тартибда йиғиб олина бошлаган.

17-ТУЗАТИШ. Сенат аъзоларини тўғридан тўғри сайлашни жорий қилиш.

1913 йил 8 апрелда кучга кирган.

Бу тузатишга қадар сенаторларни сайловчилар эмас, балки штатларнинг қонун чиқарувчи органи сайлаган. 17-тузатишда ҳар бир штатдан Сенатга маҳаллий фуқаролар томонидан икки нафар сенатор 6 йилга сайланиши, ҳар бир сенатор битта овозга эга бўлиши, штатларнинг Сенатдаги ўрни вакант бўлиб қолса, маҳаллий бошқарув органи навбатдан ташқари сайлов ташкил этиши белгилаб қўйилган.

18-ТУЗАТИШ. Алкогол ичимликлар ишлаб чиқаришни тақиқловчи «қуруқ қонун» қабул қилинган (кейинчалик 21-тузатиш билан бекор қилинган).

1920 йил 17 январдан кучга кирган.

«Қуруқ қонун»га кўра, АҚШ ҳудудида спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш, ташиш ва сотиш тақиқланади. Ўша пайтда АҚШда турли сиёсий партиялар, диний ташкилотлар талаби билан ушбу тузатиш жорий қилинади. Аммо уларни истеъмол қилиш тақиқланмаган. Бу тузатиш кейинчалик 21-тузатиш билан бекор қилинган.

19-ТУЗАТИШ. Аёлларга фаол сайлаш ҳуқуқи бериш жорий қилинади.

1920 йил 18 августда кучга кирган.

Бу тузатиш гендер тенглигини таъминлаш йўлидаги катта қадам бўлади. Демократик тамойилларга асосланган АҚШда 19-тузатишга қадар аёллар сайлаш ҳуқуқига эга бўлмаган.

20-ТУЗАТИШ. Президент ва Конгресснинг фаолият муддати тугаш саналари белгиланган.

1933 йил 23 январда кучга кирган.

Бунгача президентлик муддатлари, ҳеч бир америкалик икки мартадан ортиқ мамлакат президенти бўла олмаслиги белгилаб қўйилганди. 20-тузатишга қадар АҚШ президентлари ваколат муддати тугаган йилнинг 4 мартигача президент сифатида фаолият олиб борган ва Оқ уйда яшаган. Шунингдек, янги сайланган президент ҳам шу санада қасамёд қилган. 1933 йил 23 январдан кучга кирган 20-тузатиш билан ана шу муддат 4 мартдан 20 январга кўчирилади. Ўшандан буён муддати тугаётган президент 20 январ санасида Оқ уйни бўшатади, ҳатто аниқ вақт ҳам белгилаб қўйилган – соат 14:00да.

20-тузатишда сайланган президент қасамёд қилгунча ўз фаолиятини давом эттира олмайдиган ҳолатда бўлса, унинг ўрнини сайланган вице-президент эгаллаши, агар у ҳам лаёқатсиз бўлиб қолса, вақтинча президент вазифасини бажарувчи Конгресс томонидан белгиланиши қайд этилган. Одатда бу Конгресснинг энг ёши катта вакили бўлади.

21-ТУЗАТИШ. 18-тузатиш бекор қилинади; ўз навбатида штатлар доирасида спиртли ичимликлар айланмасига чекловлар жорий этилади.

1933 йил 5 декабрдан кучга кирган.

АҚШ давлатчилиги тарихида конституцияга киритилган тузатиш фақат бир марта бекор қилинган. Бундан келиб чиқадики, кейинчалик ҳам АҚШ конституциясидаги бирор тузатиш фақат бошқа бир тузатиш билан бекор қилинади. Ўша вақтда турли штатлардаги қонунчилик аллақачон бир-биридан фарқ қила бошлагани сабаб бошқа штатга ёки АҚШ тасарруфидаги ҳудудга спиртли ичимликларни олиб бориш тақиқланган. Бу борадаги тартибни штатларнинг ички қонунчилиги назорат қила бошлаган.

22-ТУЗАТИШ. Бир киши икки муддатдан ортиқ президентлик қилиши тақиқланади.

1951 йил 27 февралда кучга кирган.

Ушбу тузатишга қадар ҳам АҚШда бир киши фақат икки муддат президентлик қилиши борасида тартиб бўлган, аммо у конституцияда мустаҳкамлаб қўйилмаган. АҚШнинг илк президенти Жорж Вашингтонга у икки муддат президентлик қилганидан сўнг учинчи муддатга ҳам ўз номзодини қўйиш таклиф қилинган, аммо Вашингтон буни рад этиб, ўзидан кейинги президентларга ҳам икки муддатдан ортиқ президентлик қилмасликни тавсия қилади. Вашингтон бир киши мамлакатни узоқ вақт бошқариши яхши оқибатларга олиб келмаслигини айтган.

Шу тариқа, Вашингтоннинг тавсияси ёзилмаган қоидага айланади ва АҚШ президенти бўлган шахслар унга оғишмай амал қилиб келади. Фақат бир президент, 1933-1945 йилларда АҚШни бошқарган Франклин Рузвелт мамлакатни икки муддатдан ортиқ бошқарган. 1929-1932 йилларда юз берган иқтисодий ва молиявий инқироздан мамлакатни муваффақиятли олиб чиққани учун Рузвелтга ўз номзодини икки муддатдан ортиқ президентликка қўйишга рухсат берилади. У жами тўрт марта АҚШ президенти этиб сайланади ва тўртинчи муддатининг бошида вафот этади.

Ўша вақтда вице-президент бўлган Ҳарри Трумэн Рузвельт ўрнига президент бўлади ва 1947 йилда бир шахснинг мамлакатни узоқ бошқариши демократияга зидлигини айтиб, икки муддат қоидасини қонун билан мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилади. Шундан сўнг, АҚШ конституцияда икки муддат қоидаси белгилаб қўйилади.

Мустақил Американи Рузвелтгача 31 нафар, ундан кейин эса 13 нафар президент бошқарди, аммо уларнинг бирортаси мамлакатни узоқроқ бошқариш учун Жорж Вашингтондан қолган норасмий қоидани бузмаган ёки президентлик муддатини узайтиришга уринмай икки муддат президентлик қилгач, ўз ўрнини навбатдаги президентга бўшатиб бераверган. АҚШ давлатчилигидаги бу ўзгармас қоида кейинчалик дунё бўйлаб тарқалади.

Ушбу тузатиш 4 йил давомида муҳокама қилингач, кучга кирган.

23-ТУЗАТИШ. Президентлик сайловларида Вашингтон шаҳри Колумбия округидан алоҳида қилиниб, бошқа штатларда бўлгандек миқдорда вакиллар бўлиши ва уларнинг сони аҳолиси энг кам штатдагидан кам бўлмаслиги белгиланади.

1961 йил 29 мартдан кучга киради.

Ушбу тузатиш билан АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳри сайловларда қонунан бошқа штатлар билан тенглаштирилади.

24-ТУЗАТИШ. Солиқ тўламаганлик учун сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишни чеклаш.

1964 йил 23 январда кучга киради.

Ушбу тузатишда АҚШ фуқароларининг сайлаш ҳуқуқига солиқ тўламагани дахл қилмаслиги белгилаб қўйилган. Унга кўра ҳеч бир штат АҚШ фуқаросига солиқ тўламагани учун сайлаш ҳуқуқини тақиқлай олмайди. Бу тузатишга қадар штатларда фуқаролардан солиқни ундириш мақсадида солиқ тўламаганлар сайловга қўйилмаган. АҚШда сайловларга жуда жиддий эътибор берилади ва шу сабаб сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш кўпчилик учун камситишдек туюлган.

25-ТУЗАТИШ. Амалдаги президентнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилганда унинг ваколатларини вице-президентга ўтказиш, ўз навбатида вакантга айланган вице-президент лавозимини тўлдириш тартиби белгиланади.

1967 йил 23 февралда кучга кирган.

Бу тузатишга кўра, президент вафот этса, унинг ўрнини вице-президент эгаллайди. Бўш қолган вице-президент лавозимига президент ўз номзодини таклиф қилади. Конгресснинг икки палатаси тасдиғидан ўтса, вице-президент лавозимга киришади.

26-ТУЗАТИШ. Бутун АҚШ ҳудудида сайловда овоз бериш ҳуқуқи 18 ёшдан бошланиши белгилаб қўйилди.

1971 йил 1 июлда кучга кирган.

27-ТУЗАТИШ. Сенаторлар ва вакилларнинг иш ҳақларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун Вакиллар палатаси қайта сайлангандан сўнг кучга киради.

Бу АҚШ конституциясига киритилган ҳозирча энг охирги тузатиш ҳисобланади. 1789 йил 25 сентябрда таклиф қилинган тузатиш 1992 йил 5 майда кучга киради. Яъни тузатиш 203 йил ўтиб тасдиқланади. АҚШ конституциясига киритиладиган тузатишлар барча штатлар ратификация қилгачгина кучга киради. 27-тузатишни Миссури ва Алабама штатлари 1992 йил 5 майда ратификация қилади ва шу тариқа 1789 йилда таклиф қилинган тузатиш 1992 йилда кучга киради.

Бу тузатишга кўра, сенаторлар ёки вакиллар ўз маошларини ошириш учун қандайдир қонун қабул қила олмайди. Агар бу борада қонун ишлаб чиқиб, тасдиқланса ҳам, фақат Вакиллар палатаси аъзолари қайта сайлангач кучга киради. Яъни қонунчилар амалда ўзидан кейин келадиган одамларнинггина маошини қонун билан кўтариши мумкин.

Мавзуга оид