Ўзбекистон | 16:51 / 01.09.2020
23675
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири ўқув йили бошланишидан олдин ҳал қилиниши керак бўлган ишларни келтирди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов умумтаълим мактаблари фаолиятини йўлга қўйишда муайян омилларни ҳисобга олиш ва уларни ўқув йили бошлангунга қадар бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистонда шу вақтгача 4 мингга яқин бола коронавирус юқтириб олган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотида келтирилган.

«Айни кунларда мактабларда янги ўқув йилини бошлаш масаласи энг муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди. Мактаблар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, синфларда ижтимоий масофани сақлаш, қўл ювишга етарли шароит яратиш, ниқоб тақишни назорат қилиш, респиратор касалликлар аломати борларни эрталабки фильтр жараёнида алоҳида текширувдан ўтказиш, дарс мобайнида аниқланган беморларни изоляция қилиш, ҳожатхоналарни санитария талабларига мослаштириш, ошхоналарда гигиена талабларини таъминлаш, сурункали касаллиги ва ногиронлиги бор болаларга алоҳида ёндашув сингари муҳим жиҳатларга эътибор бериш айниқса аҳамиятлидир.

Шу вақтгача мамлакатимизда Covid-19’га чалинган жами 41 минг 994 нафар бемордан қарийб тўрт минг нафарига яқинини болалар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичнинг аксарият қисми мамлакатимизда карантин эълон қилинган ҳамда халқ таълими муассасалари фаолият юритмаган даврга тўғри келади», дейилади вазирлик хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мавжуд вазиятда, энг аввало, мактабларнинг зарур талабларга жавоб бериши ўта муҳимлигини таъкидлаб келмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, бу вазиятда қуйидаги омилларни ҳисобга олиш ва уларни ўқув йили бошлангунга қадар бартараф этиш зарур:

  • таълим муассасаларининг баъзилари ичимлик суви билан таъминланмагани;
  • мактаб ошхоналари ҳамда ҳожатхоналарининг санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги;
  • мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида хизмат қиладиган ходимларнинг ва ота-оналарнинг хизматдан ташқари вақтларида турли жамоат жойларида (бозор, магазин, автобус, қариндошлар, қўшнилар) бўлишлари;
  • ушбу ёшдаги болалар кун давомида мактаб ҳудудида ижтимоий масофани сақлай олишини таъминлаш;
  • болаларда коронавирус кўп ҳолатларда енгил ёки клиник белгиларсиз (симптомларсиз) кечса ҳам, улар ушбу вируснинг асосий тарқатувчиларидан бири бўлишлари ва улар ўз оилаларидаги катталарга, айниқса, хавф остидаги гуруҳлардаги қариндошларига юқтириши ва аҳоли ўртасида касаллик купайишига олиб келиши мумкинлигини эътиборга олиш керак.

Соғлиқни сақлаш вазири халқнинг келажаги бўлмиш ёш авлоднинг соғлиғи ҳақида қайғуриш тиббиёт тизими вакилларининг асосий вазифаларидан бири эканини эслатиб ўтди.

«Коронавирус болаларда енгил ўтиши бу эҳтиёткорликни унутиш дегани эмас. Чунки бир қатор мамлакатлардаги ҳолат бунинг аксини кўрсатмоқда. Ҳар биримизнинг фарзандларимиз, набираларимиз бор. Болалар соғлиғи ҳақида гап кетганда, уларнинг ўрнига ўз боламизни қўйиб кўрайлик. Шунинг учун мактабларга бириктирилган 10 минг нафарга яқин тиббиёт ходимларидан, педагоглардан, маҳаллий ҳокимият вакилларидан вазиятга ота ёки она кўзи билан қарашларини сўрардим», дея таъкидлаган вазир.

Вазирлик янги ўқув йили олдидан барча ота-оналар ва педагоглар бу жараёнга масъулият билан ёндашишларини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мактаблар 5 сентябрда очилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид