Жаҳон | 19:37 / 02.09.2020
5830
2 дақиқада ўқилади

Трамп Байденни допинг текширувдан ўтишга чақирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Демократик партиядан президент сайловларига номзод Жо Байденни допинг қабул қилишга текширишни таклиф қилди. 

Фото: Reuters

Трампнинг таъкидлашича, охирги вақтда Байден омма олдида ўзига хос бўлмаган тарзда яхши чиқиш қилмоқда. АҚШ президентининг айтишича, аввал Байден дебат ва шунга ўхшаш тадбирларда жуда ёмон иштирок этган. Шу сабабли Трамп сайловлар бўйича рақиби бирор тетиклаштирувчи восита қабул қилиши ҳақидаги хулосага келган. Шу муносабат билан Трамп Байденга сайловолди дебатлари олдидан биргаликда допингга текширувдан ўтишни таклиф қилган.

Таъкидланишича, Байден праймеризлар вақтида 11 та дебатда иштирок этган. Бу дебатлардан охиргиси Байден ва унинг партия бўйича рақиби Берни Сандерс ўртасида бўлиб ўтган. Трампнинг айтишича, у Байденнинг аввалги ва Сандерс билан ўтган дебатларида катта фарқ кўрган.

“Ҳеч ким уни бу дебатларда ғалаба қозонади, деб ўйламаганди. Чунки унинг дебатлардаги чиқишлари ёмон бўлган. Ростини айтсам, унинг энг яхши дебати Бернига қарши бўлди. У бу дебат вақтида Уинстоном Черчилл бўлди, деб айтолмайман-у, бироқ бу дебатлар аввалгиларига нисбатан яхшироқ ўтди. У ўзининг аввалги чиқишларида нокомпетент бўла туриб, сўнгра Бернига қарши бирдан нормал иштирок этганининг сабабини билмайман”, деб айтган АҚШ президенти. 

Аввалроқ Трамп ўз рақибининг ақлий қобилиятларини танқид қилган. АҚШ президенти Байденни сусткашликда айблаган ва унинг ёши катталигини таъкидлаб ўтган. Байден ноябрдаги сайловлардан кейин 78 ёшга тўлади, Трампнинг ёши эса ҳозирда 74 да. АҚШ президентининг таъкидлашича, жорий сайловларда у Демократик партия илгари сурган “энг ёмон номзод”га қарши иштирок этади. 

Мавзуга оид