Жаҳон | 08:05 / 03.09.2020
4190
2 дақиқада ўқилади

Apple’нинг капиталлашуви Британиянинг 100 та етакчи компаниясининг умумий қийматидан ошди

Apple компанияси акциялари 31 августда 134,8 долларга етди ва ошишда давом этмоқда. Бунинг эвазига компаниянинг капиталлашуви 2,3 трлн долларга етган. Бу эса Британиянинг FTSE 100 биржа индексига кирувчи 100 та компаниянинг умумий қийматидан кўпроқни ташкил қилади. 

АҚШ компанияси акциялари баҳордан бери дадил равишда қимматлашиб бормоқда. Бунга пандемия ва карантин чоралари сабаб бўлган. Ушбу вазиятда мобил гаджетлар ва турли онлайн хизматларга талаб ошган. 

Июль охирида Apple 3-чорак бўйича ҳисобот тақдим қилган. Натижалар экспертлар кутгандан яхшироқ бўлган: компания тушуми 11 фоизга ошиб, 59,6 млрд долларни, соф даромади эса 12 фоизга ошиб, 11,2 млрд долларни ташкил қилган. Август ўрталарида Apple бозор қиймати 2 трлн доллардан ошган АҚШнинг тарихдаги биринчи компаниясига айланганди.   

Бу орада FTSE 100 индексига кирувчи британ компаниялари йил бошидан бери ўз капиталлашувининг 25 фоизга яқинини йўқотган. Ушбу индексга иқтисодиётнинг пандемиядан жиддий зарар кўрган тармоқлари – банк, нефть қазиб олиш, туризм тармоқларини билдирувчи кўплаб компаниялар, авиакомпаниялар, ритейлерлер киради. Коронавирус инқирозида ўзини ҳаммадан яхши сезаётган технологик компаниялар FTSE 100’да деярли йўқ.

Мавзуга оид