Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия давлат хизматчилари аккаунтлари ҳакерлик ҳужумига учради
Россия ҳудудидан фаолият юритаётган ҳакерлар Британия давлат хизматчилари ва муҳим инфратузилма соҳасида ишловчи ходимларнинг электрон почта ҳамда хизмат аккаунтларини бузиб, қўлга киритилган маълумотларни даркнет орқали сотувга қўйган. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар берди. Айни пайтда ушбу киберҳужум ортида Кремл тургани расман исботлангани йўқ.
Нашр маълумотларига кўра, ҳакерлар қўлга киритган аккаунтлар Британиянинг Таиланд ва Маврикийдаги элчихоналарида фаолият юритувчи IT-мутахассислар, шунингдек Дербишир графлиги ва Лондондаги Уолтем-Форест тумани маъмуриятлари ходимларига тегишли.
Бузилган аккаунтларга кириш имкони даркнетда 60 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда сотувга чиқарилгани қайд этилган.
The Telegraph ёзишича, киберҳужум оқибатида киберхавфсизлик ечимлари билан шуғулланувчи Fortinet компаниясига тегишли 80 мингдан ортиқ файрвол (тармоқ ҳимояси қурилмалари) зарар кўрган.
Нашрнинг таъкидлашича, сотувга қўйилган маълумотларнинг айримлари Британиянинг муҳим инфратузилма объектлари IT тизимларига кириш имконини беради. Жумладан, улар орасида Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS), мамлакат бўйлаб дори воситалари етказиб берувчи йирик компаниялар ва энергетика соҳаси корхоналари ҳам бор.
The Telegraph билан суҳбатлашган киберхавфсизлик бўйича мутахассислардан бири маълумотлар тарқалиши «фалокатли оқибатларга» олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Унинг сўзларига кўра, NHS муассасалари, дорихоналар, лабораториялар ва уларнинг ҳамкорлари айнан ҳужумга учраган тизимларга ўхшаш дастурий ечимларга катта даражада таянади. Шу боис, бу каби маълумотларнинг ёмон ниятларда қўлланиши беморлар хавфсизлигига ҳам таҳдид солиши мумкин.
Нашр киберҳужум ортида Кремл турганини тасдиқловчи далиллар ҳозирча мавжуд эмаслигини алоҳида қайд этган. Бироқ Россия ҳудудида ишловчи айрим ҳакерлик гуруҳлари халқаро майдонда беқарорликни кучайтириш воситаси сифатида кўрилиши ва Москва уларнинг фаолиятига кўпинча кўз юмиши таъкидланган.
The Telegraph эслатишича, 2024 йил май ойида Британия Ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ) раҳбари Энн Кист-Батлер Россия ҳукумати мамлакатдаги нодавлат ҳакерлик гуруҳларини тобора фаолроқ қўллаб-қувватлаётганини айтган эди.
Нашрга кўра, сўнгги йилларда Германия, Полша ва Дания ҳам бир неча бор йирик киберҳужумларга учраганини маълум қилган. Ушбу давлатлар айрим ҳужумлар учун Россия билан боғлиқ деб ҳисобланган ҳакерлик гуруҳларини масъул деб баҳолаган.