Ўзбекистон | 13:04 / 03.09.2020
3696
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари савдо алоқаларини октябрь ойида муҳокама қилмоқчи

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Розенблюм билан учрашув ўтказди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашувда инвестиция ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий аҳамиятга молик қўшма ташаббусларни амалга ошириш доирасида ҳамкорликни кучайтириш орқали икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Америка компанияларининг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ жорий масалалар ва республикада инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун йирик саноат гуруҳлари ва трансмиллий холдингларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли механизмлари алоҳида кўриб чиқилди.

Сардор Умурзоқов

Шу нуқтайи назардан, томонлар инвестициявий ҳамкорлик салоҳиятининг юқорилигини таъкидлаб, сифатли лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш мақсадида АҚШ Савдо ва тараққиёт агентлиги (USTDA) ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази ўртасида яқин алоқаларни ўрнатишга келишиб олдилар.

Марказий Осиё ва Афғонистон мамлакатларининг иқтисодий ва инфратузилмавий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ва АҚШнинг минтақавий ҳамкорликнинг кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишдаги ёндашувларнинг бир хиллиги қайд этилди. Томонлар C5+1 платформаси доирасида ҳамкорликда эришилган ютуқларни ижобий баҳолаб, C5+1 Иқтисодий ишчи гуруҳининг бўлажак йиғилиши кун тартибидаги муайян масалаларни муҳокама қилдилар. Йиғилишни ўтказишдан мақсад – минтақа мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Даниэль Розенблюм

Шу йилнинг октябрь ойида Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиё ўртасида савдо ва инвестиция бўйича доиравий Битимнинг (TIFA) виртуал ялпи мажлисини ўтказишнинг режалари кўриб чиқилди. Битим – божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, санитария ва фитосанитария назорати, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва электрон тижоратни ривожлантириш бўйича аниқ келишувларга эришиш учун самарали платформа ҳисобланади.

Шунингдек, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (USDFC) билан транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва минтақа давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришни жадаллаштириш имкониятлари устида иш олиб борилди.

АҚШ ҳукуматига Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши курашишда ўпкани сунъий шамоллатиш ускуналари (СШУ), ҳимоя аксессуарлари ҳамда лаборатория ва тиббий материалларни Ўзбекистонга жўнатиш шаклида кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

Мавзуга оид