Жамият | 11:46 / 03.09.2020
4431
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ўқувчилари орасида вирус юкламасини камайтириш усуллари ҳақида маълумот берилди

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолини қизиқтирган саволлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Жумладан, мурожаатлардан бирида фуқаро 45 дақиқа дарс давомида ёпиқ синфда дарс ўтишда, айниқса ўқувчилар орасида касалланганлар бўлса вирус юкламаси ортмайдими, дея сўраган.

«Энг аввало, ҳар бир ота-она шуни тушуниши керак-ки, бола ва ўзлари учун энг хавфсиз муҳит - бу хонадон ҳисобланади. Уйдан ташқарига чиқдингизми, касаллик юқтириб олиш хавфи юқори бўлади.

Мактабларга тўхталадиган бўлсак, ўқишга борган болалар сони кўпроқ бўлади, бизга маълумки, уйдан ташқарида икки ёки учдан ортиқ одам бўлса касаллик юқтириб олиш хавфи юқори», деган штаб аъзоси.

ССВ томонидан мактабларда болаларни хавфсиз таълим олиши учун белгиланган талаблар:

  • синфларда дарс ўтиш жараёнида болалар ниқобларда бўлиши;
  • ниқоблар ҳар 2-3 соатда алмаштирилиши;
  • болалар орасида 2 метрдан ортиқ масофа сақлаш;
  • қўлларни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш имкониятини яратилиши.

Агар болаларнинг оилаларида касалланган бемор бўлса, бундай ҳолатда улар касаллик ташувчиси бўлиши мумкин. Бир синфда ўтирган болалар 45 дақиқа дарс давомида, кун буйи 3-4та фан ўтилса, албатта, вирус юкламаси кўпайиши мумкин.

Бундай ҳолатларда хоналар кунига 3-4 мартадан кўп шамоллатилиши керак.

Ҳар кун якунида хоналар ва йўлаклар дезинфекция воситалари қўшилган эритмалар билан дезинфекцияланади.

«Агар болаларнинг барчаси белгиланган санитария қоидаларига риоя қилишса, вирус юкламаси камаяди.

Шунингдек, мактабда ёки уйга келиши билан имкон қадар тез-тез томоқ чайиб турилса – вирус юкламаси янада камайиши мумкин»,деди Севара Убайдуллаева.

Мавзуга оид