Ўзбекистон | 14:49 / 05.09.2020
8465
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Судьялар ҳамжамиятига оид қонун ишлаб чиқилмоқда. У нималарни ўзгартиради?

Ўзбекистонда Судьялар ҳамжамияти фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу – жорий йилги давлат дастурида кўрсатилган.

Расмий ҳужжатлар ва ОАВда судьялар ҳамжамияти термини кўп ишлатилади. Аммо унга ҳуқуқий мақом берувчи, фаолиятини тартибга солувчи қонун мавжуд бўлмаган. Ушбу бўшлиқни тўлдириш мақсадида Олий суд органлари мутахассислари томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат парламентга тақдим этилиши арафасида мутахассислар билан учрашиб, суҳбат қурдик.

«Президент тегишли фармони билан Судьялар олий кенгаши илк бор судьялар ҳамжамияти сифатида белгиланганди. Кейинчалик, мана шу мақомни қонунийлаштириш мақсадида Судьялар олий кенгаши Судьялар ҳамжамияти органи сифатида назарда тутилди. Лекин қонунчиликда судьялар ҳамжамияти органлари, уларнинг турлари, тушунчаси, фаолият йўналиши белгиланмаган. Фақат алоҳида тарзда, аслида Судьялар ҳамжамияти органи сифатида фаолияти юритиладиган, тегишли мақомга эга бўлмаган тузилмалар мавжуд», —​ дейди Судьяларни олий мактаби кафедра мудири Малика Қаландарова. 

Малика Қаландарова

Судьялар олий кенгаши ва Судьялар ҳамжамияти ўртасида фарқ борми?

—​ Судьялар ўзининг ташкилий-ҳуқуқий, молиявий масалаларини ўзлари бошқаради. Бу ўз-ўзини бошқариш дегани. Судьялар олий кенгаши Судьялар ҳамжамияти органи бўлса, қонун лойиҳасига асосан, яна бошқа органларни тузиш таклиф этиляпти. Масалан, «Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунга кўра, кенгаш бир пайтнинг ўзида судьялик лавозимига тайинлайди, лавозимидан озод этади ёки ваколатини муддатидан илгари тугатади. У ҳам интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини кўриб чиқади, ҳам жиноий, ҳам маъмурий хулосаларни бериш ваколатига эга. Эндиликда Судьялар ҳамжамият органлари ҳузурида коллегиал органлар пайдо бўлади. Қуйи инстанциядан тортиб, барча судьялар уларнинг фаолияти бўйича кимлар ишлашини танлайди. Улар танлаган амалдаги судьялар ҳамжамият органларида иш бошлайди, —​ дейди Малика Қаландарова. 

Унинг айтишича, айни пайтда кенгаш таркибида бўлган имтиҳон ҳамда интизом комиссиялари қарорлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи вужудга келиши мумкин.

«Судьяларни сайлаш масаласи янада шаффоф бўлади»​

Қонун лойиҳасини амалда қабул қилишдан кўзда тутилган энг катта манфаат эса судьяларни сайлаш, сайланишини масаласи янада шаффоф бўлади, деб ҳисоблайди Олий суд судьяси Баҳром Тангабоев.

Баҳром Тангабоев

«Қуйи поғонадан кўриб чиқсак, туманлар миқёсида конференцияларда судьялар ўз вакилларини малака ҳайъатларига тавсия этишлари мумкин. Бу овоз бериш йўли билан амалга ошади. Кейинги босқичда, Олий малака ҳайъатига ҳудудлардаги малака ҳайъатларидан сайланиш ҳуқуқи бўлади. Ундан юқориси эса Олий кенгаш, ундан кейин Съезд –​ олий бошқарув органи ҳисобланади», — дея муносабат билдирди Тангабоев.

Олий суд судьянинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши судьялар мустақиллигига путур етказмайди. 

Судьялар ҳамжамияти халққа нима наф беради?

«Судья ишни кўриш жараёнида, ҳар қандай тазйиқ, таҳдид ва таклиф аралашувлардан қатъи назар, мустақил тарзда ишдаги мавжуд фактик далилларга баҳо берган ҳолда қарор қабул қилиши керак. Бунинг учун у чиндан мустақил эканини ҳис этиши керак. Нафақат судьянинг мустақиллиги, балки суд ҳокимияти мустақил эканлиги ҳис этилиши керак. Масалан, Судьялар ҳамжамияти органлари ўзини молиялаштириш масаласида ҳам мустақил экани муҳим бўлади», — дейди Қаландарова.

Судяларга юқори инстанциядан босим бўладими?

Олий суд судьяси Баҳром Тангабоев фаолияти давомида қуйи инстанция судларига юқоридан босим сифатида баҳоланувчи буйруқ ё кўрсатмаларга дуч келмаганини айтади.

«Ишни қонунда назарда тутилган муддатда кўриб чиқиш тартиби бузилгани бўлиши мумкин. Шунда норози фуқаро ё ташкилот – ишда иштирок этаётган тараф мурожаат этганда, Олий суд қуйи инстанция судларига ишни белгиланган муддатда кўриб чиқиши бўйича ўз фикрини билдириши эса амалиётда мавжуд. Бу ҳам фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган», — дейди у. 

Ушбу қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига киритилгандан сўнг, депутатлар томонидан кўриб чиқилади.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид