Ҳозир Ўзбекистонда судьянинг иши эллик марта қайтмайдими, у барибир беш йиллик муддатини ўтиради. Токи пора билан тушмай, ўзи ариза бермай ёки устидан жуда жиддий айблов тушиб, судьялар олий кенгаши уни ишдан бўшатмагунча. Бундай давом этар экан, суд тизимида ҳеч нарса ўзгармайди. Бизда қонунлар қабул қилинятпи, лекин уни ишлатиш меҳанизми йўқ. Нега, чунки судья жазоланмайди. Уни ҳеч ким айбламайди, дейди адвокат Жаҳонгир Муталипов.
Адвокат Жаҳонгир Муталипов Kun.uz сайтига берган интервьюсида суд органларидаги адолатсизликларга сабаб бўлаётган омиллар ҳақида фикрларини билдирди.
“Бугун суд органларидаги адолатсизликларнинг бир нечта сабаблари бор. Мен ўзим прокуратура тизимида ишлаганман. Прокуратура эса ҳар куни суд билан ишлайди. Ўша пайтда суд билан прокуратуранинг фарқи – прокуратура илм жиҳатидан доим суддан устун туриши эди. Бу биринчи сабаб.
Иккинчидан, прокуратура тизимида прокурорларни 5 йилдан икки муддатга тайинлаш деган тартиб йўқ. Ишга кирдингми, бўлди, 60 ёшгача хотиржам ишлайсан. Судьяларда эса муддат беш йил. Уларда мана шу вақтда қандайдир манфаатдорликларга эга бўлиб олай, деган фикр бўлиши мумкин.
Шунингдек, судья беш йилдан кейин иккинчи муддатга тайинланиши учун кимларнингдир тавсиясини олиши керак. У ана шу тавсияни берувчига ёқиши керак.

Учинчидан, яна бир қизиқ ҳолат бор. Бу балки миллатимиз ичидаги қусурдир. Яъни кимдир судьяни манфаатдор қилса, у шу инсон манфаатига қарор чиқариб бериши ҳолатини кўп кўрамиз. Лекин шундай ишлар ҳам борки, судьяни ҳеч ким манфаатдор қилолмайди. Икки томон ҳам оддий инсон бўлиши мумкин. Мана шундай ҳолатларда томонларга ўз ғазабини сочадиган судьялар ҳам бор.
Шунинг учун ҳам улар адолат турган жойда адолат қилмайди. Чунки унга бундан ишда моддий манфаат келмаяпти. Бу каби ҳолатларга шахсан ўзим гувоҳ бўлиб, бир нечта судьяларни жавобгар ҳам қилганман.
Судялар томонидан адвокатга бўладиган муносабатлар ҳам шунга яраша бўлади. Хўш, суд ишларида адвокатнинг иштирокидан мақсад нима? Аслида прокурор ҳам, адвокат ҳам судьяга ёрдамчи ҳисобланади. Унга адолатли қарор чиқаришда ёрдам беради.
Айрим судьялар адвокатнинг гапини худдики айбланувчининг гапидек қабул қилади. Иложи бўлса, “тезроқ гапиринг” дейди. Эшитгиси келмайди. Ваҳоланки, қонун бўйича судья адвокатнинг гапириш ҳуқуқини тўсиши мумкин эмас. Адвокат кам гапираркан, у энди асосий далилларни тушириб қолдиради. Ўз фикрларидаги хулоса қисминига, фалон қарор чиқаришингизни сўрайман, деган жойинигина ўқиб беради.














