Kun.uz сайтида “Aсoс бўлган ҳужжат қалбаки, ундирилаётган 500 минг доллар эса ҳақиқий” — суд кафилликка алоқаси бўлмаган мулкдорни жазоламоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Халқ банки томонидан ишга мутлақо алоқаси бўлмаган “Denta-Servis” хусусий корхонасидан 500 минг доллар ундириш ҳақида даъво аризаси киритилгани, суд эса ҳали тергов жараёни кетаётган бир пайтда бу даъвони қаноатлантириш тўғрисида қарор чиқариб юборгани ҳақида сўз борган.

Мақола бўйича дастлаб Судьялар олий кенгаши ва сўнг Олий суд ўз муносабатларини билдирди. Жумладан Судьялар олий кенгаши расмий ахборотида:

“Kun.uz сайтида чоп этилган “Aсoс бўлган ҳужжат қалбаки, ундирилаётган 500 минг доллар эса ҳақиқий” — суд кафилликка алоқаси бўлмаган мулкдорни жазоламоқда” сарлавҳали танқидий мақолада кўриб чиқилди. Аниқланишича, мақолада баён этилган иқтисодий низо бўйича қабул қилинган суд ҳужжати ҳали қонуний кучга кирмаган бўлиб, унга нисбатан апелляция шикояти берилиши арафасида.

Маълумки, суд қарорлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга. Шу боис апелляция суди натижасидан кейингина (ушбу иқтисодий низони биринчи инстанцияда кўриб чиққан) судьянинг хатти-ҳаракати бўйича хизмат текшируви ўтказиш масаласи кўриб чиқилади” – дейилган.

Олий суд муносабатида эса шундай дейилади:                         

“Айни чоғда мақолада қаламга олинган Жиззах туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори ҳал қилув қарори устидан “Denta Servis” ХК манфаатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили томонидан апелляция шикояти келтирилган. Шу боис ушбу ҳал қилув қарори бугунги кунда қонуний кучга кирмаган бўлиб, Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш 2022 йил 5 октябрь кунига тайинланган. Апелляция инстанцияси суди томонидан биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлиги тўлиқ ҳажмда текширилиб, қонуний баҳо берилади.