Ўзбекистон | 09:03 / 05.09.2020
17659
2 дақиқада ўқилади

Тўйга кетаётган автомашина ЙТҲга учради, 2 киши вафот этди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 4 сентябрь куни соат 07:00да 29 ёшли К.А. ўз бошқарувида бўлган Toyota русумли автомашинани “Хоразм-Бухоро” А-380 йўли бўйлаб бошқариб кетаётган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у мазкур йўлнинг Ромитан тумани ҳудудидан ўтган 324-километрига етганида тўсатдан автомашина бошқарувини йўқотиб, йўлнинг чап томон қисмига чиқиб кетиши натижасида автомашина ағдарилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада, автомашина ҳайдовчиси К.А. ва 33 ёшли йўловчи С.М. ҳодиса жойида вафот этган, салонда бўлган иккинчи йўловчи, 36 ёшли Ш.Р. оғир тан жароҳати олиб, тиббиёт муассасасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Тергов департаменти вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Шу билан бирга, фуқароларимиздан йўлларда ҳаракатланиш жараёнида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраймиз, зеро бир сония эътиборсизлик ёки қоидабузарлик инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкинлигини унатмайлик!” - дейилади маълумотда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид