Жаҳон | 09:28 / 06.09.2020
25190
2 дақиқада ўқилади

Дунёда коронавирусдан касалланиш бўйича кунлик рекорд қайд этилди

5 сентябрда дунё бўйлаб 304 минг 626 кишида коронавирус аниқланди. Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бу кўрсаткич пандемия бошидан бери рекорд кўрсаткич ҳисобланади. 

Фото: AP

Аввалги антирекорд 14 августда қайд қилинган. Ўшанда дунё бўйлаб 24 соат ичида 304 минг 351 кишида вирус аниқланган.

Айни вақтда дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 26,739 млндан кўпроқни ташкил қилмоқда. Касалланиш ҳолатлари бўйича АҚШ 1-ўринда турибди – 6,2 млн касалланиш. Кейинги ўринларни Бразилия (4,09 млн касалланиш), Ҳиндистон (4,02 млн), Россия (1,02 млн) ва  Перу (676,8 минг) эгалламоқда.

Коронавирус инфекциясидан вафот этганлар сони 876 минг 938 нафарни ташкил қилмоқда. Бу борада ҳам АҚШ 1-ўринни эгалламоқда – 188,5 минг ўлим. Кейинги ўринларни Бразилия (125,5 минг ўлим), Ҳиндистон (69,5 минг),  Мексика (66,8 минг) ва Британия (41,6 минг) эгалламоқда. 

Сўнгги суткада коронавирус инфекциясидан дунё бўйлаб 5637 киши вафот этган. Бу борадаги антирекорд 14 августда қайд қилинган ва ўшанда бир кун ичида 10 минг 135 киши коронавирус қурбонига айланган.

Августда ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус давлатлар якдиллик намойиш қилиб, бирлаша олса, инсоният коронавирус пандемиясини 2 йилдан камроқ вақт ичида енга олишини айтганди.

Мавзуга оид