Ўзбекистон | 00:46 / 07.09.2020
33756
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура матбуот котиби Навоийдаги журналист қиз билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди

4 сентябрь куни Kun.uz'да «Навоийлик талаба қиз газетада танқидий мақола ёзди. Шундан сўнг унга босим бўлгани айтилмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов ўзининг телеграм каналида воқеа бўйича пост эълон қилди.

«Ижтимоий тармоқларда «Мақолам учун маҳалла раиси таҳдид қилди, дадамни дўппослашди» сарлавҳали хабар тарқалган.

Хабарда «Навоий зиёси» газетасида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти юзасидан [журналист Маҳфуза Пўлатова томонидан] танқидий мақола чиқарилганлиги сабабли Кармана тумани, «Боғишамол» маҳалласи раиси [Мақсуд Пардаев] томонидан муаллифга таҳдид қилингани ва бошқа ҳолатлар кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат Навоий вилояти прокуратураси томонидан Бош прокуратура назорати остида ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари ҳақида хабар қилинади», деб ёзган Ҳаёт Шамсуддинов ўз каналида.

Маълумот учун, ЎзЖОКУ талабаси Маҳфуза Пўлатова «Навоий зиёси» газетасида чоп этилган «Эфир учун қилинаётган эҳсонлар» сарлавҳали мақоласи учун маҳалла раиси томонидан босимга учрагани ҳақида Kun.uz'га хабар берганди. Ёш журналистнинг айтишича, мақоласи ортидан отасини ҳам калтаклашган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда маҳалла раиси Мақсуд Пардаев журналист қизнинг айтганлари туҳмат эканини таъкидлаган.

Мавзуга оид