Жамият | 09:26 / 07.09.2020
7496
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухорода табиий газ қазиб чиқариш ва қайта ишлашдаги муаммоли масалаларни ўрганди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси «Учқир» мажмуаси ҳудудидаги қурилиш майдонларида бўлиб, углеводородлар қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичларини бажарилиши, табиий газ қазиб чиқариш ва етказиб бериш тизимидаги муаммоли масалаларни ўрганди.

«Учқир газни олтингугуртдан тозалаш» комплексида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, сифат кўрсаткичларини яхшилаш ва истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бошқарув раиси конлардан қазиб олинаётган табиий газни паст босимдан юқори босимга ошириб бериш ва кунлик 1,5-2,0 млн куб.м табиий газ қазиб чиқариш учун қурилаётган «Учқир сиқув компрессор станцияси»даги якуний қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди.

Шунингдек, «Учқир сиқув компрессор станцияси» ва «Учқир газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси»да бажарилаётган қурилиш ва монтаж ишлари жараёнидаги мавжуд муаммоли масалалар аниқланди ва уларнинг ечими юзасидан мутахассислар, қурувчилар, кон усталари ва геологлар билан муҳокамалар ўтказилди ҳамда тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Бошқарув раиси ва «Ишчи гуруҳ» аъзолари томонидан пудратчи корхона раҳбарлари билан музокоралар ўтказилди ҳамда «Учқир сиқув компрессор станцияси»даги қурилиш ишлари якунланиб, белгиланган меъёрлар асосида уни ишлатиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган қиймати 49,4 млн долларлик «Учқир газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси»нинг ишга тушиши натижасида, йиллик 80 минг тонна суюлтирилган газ ва 37 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқарилади.

Ускуналар, моддий техник ресурслар сотиб олиш бўйича 13та импорт ва 35та маҳаллий шартномалар имзоланган бўлиб, уларни молиялаштириш учун ҳозиргача 12,3 млн доллар ва 64,7 млрд сўм йўналтирилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев табиий газ ҳажми тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида, табиий газ қазиб чиқариш қудуқларида олиб борилаётган таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, қазиб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган бурғилаш ва технологик жараёнлардаги чора-тадбирларни бажарилиши ҳолатини ҳам ўрганди.

Қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш юзасидан қўшимча тадбирларни ишлаб чиқиш, табиий газ сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш мақсадида замонавий қурилма ва ускуналардан фойдаланиш даражасини ошириш белгиланди.

Компания бошқарув раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» томонидан яна икки кун давомида Бухородаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарининг фаолияти танқидий ўрганилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид