23:50 / 11.09.2020
6618

Калифорния осмони ёнғинлар туфайли қизғиш рангга кирди

Фото: DPA

АҚШнинг Калифорния штатидаги рекорд кўламдаги ёнғинлар 12 минг квадрат километр майдоннинг кулини кўкка совурди ва камида 12 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Ёнғинлар туфайли штат осмони қизғиш рангга кирди.

Калифорнияда жорий ўрмон ёнғинлари август ўртасидан бери давом этмоқда. Бу штатнинг замонавий тарихидаги энг катта кўламли ёнғин ҳисобланади. 

Ёнғинга қарши курашда 14 минг ўт ўчирувчи иштирок этмоқда. Умуман олганда, 2020 йил бошидан бери ўрмон ёнғинлари Калифорниядаги 12 минг квадрат километр майдонни чўлу-биёбонга айлнтирди. Бу вақт ичида штатда юз берган 6 та ёнғин ёнғинлар статистикаси олиб борилаётган 1930 йилдан бери штат тарихидаги энг йирик ёнғинлар қаторига кирди.

Фото: Reuters

Штат осмони кучли ёнғинлар туфайли қизғиш тус олиб, бу ҳолат бир неча кундан бери давом этмоқда. Таъкидланишича, баъзи жойларда ушбу ноодатий ҳодиса туфайли кундузи ҳам шунчалик қоронғи бўлмоқдаки, чироқларни ёқишга тўғри келмоқда, Сан-Францискода эса автомобиллар чироқлари ёқилган ҳолда ҳаракатланмоқда.

Маҳаллий ҳокимиятнинг маълум қилишича, қурбонлар сони ошиши мумкин, чунки баъзи ҳудудларга ҳозирча етиб боришнинг имкони бўлмаяпти. Олов, шунингдек, 3900 бинони йўқ қилган.

Айни вақтда Орегон ва Вашингтон штатларида ҳам кучли ёнғинлар давом этмоқда. Аввалроқ Орегон штатида 500 минг киши ёнғинлар туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлгани маълум қилинганди. 

 

Top