Сенатда давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини таъминлаш имконини берувчи қонун маъқулланди
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.
Сенатор Толибжон Мадумаров мазкур қонуннинг татбиқ этилиши қандай натижалар беришини айтиб ўтди.
«Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши биринчидан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши фаолиятига бевосита кўмаклашувчи тузилмани ташкил қилиш орқали ҳокимларнинг аппарати, яъни ташкилий-назорат гуруҳи зиммасидаги ўзига хос бўлмаган вазифалар соқит қилинади.
Иккинчидан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши томонидан давлат органларининг фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини таъминлашга эришилади.
Учинчидан, давлатимиз раҳбари парламентга бўлган мурожаатида таъкидлаган вакиллик ҳокимияти ижро ҳокимиятидан ажралган ҳолда фаолият кўрсатиш ғоясини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади», деди Толибжон Мадумаров.
Таъкидланишича, сўнги йилларда кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлса-да, амалда кутилган натижаларни бермаяпти.
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, эксперимент тариқасида ташкил этилган халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши котибиятлари самарали фаолият юритиб келмоқда.
Мазкур қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунига киритилаётган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилмоқда.
Бунда Котибиятлар юридик шахс ҳисобланиши ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши, Котибият тузилмаси, штатлар, ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатларни тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, мажлисда қайд этилганидек, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши билан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши томонидан давлат органларининг фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назорати таъминланишига эришилади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Парламентга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, вакиллик ҳокимияти ижро ҳокимиятидан ажраган ҳолда фаолият кўрсатиши ғоясини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024