Жамият | 11:43 / 11.09.2020
4532
4 дақиқада ўқилади

Сенаторлар «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги 5 йилда ногиронлиги бўлган болалар қамраб олинган мактаблардаги ўқувчилар сони 21 мингдан 34 мингга етган.

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлис кун тартибидаги биринчи масала – «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Маҳмуд Парпиев

«Ҳозирги кунда мамлакатимизда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда. Улар ҳам жамиятнинг барча аъзолари каби инсоний эътиборга, ғамхўрликларга эга, ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган тоифа ҳисобланади.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясининг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек, «ногирон» сўзи ўрнига «ногиронлиги бўлган шахс» атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун мамлакатимизнинг юқоридаги тоифага мансуб вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалашга хизмат қилади. 

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши, ҳозирда амалда бўлган қонун ҳужжатларига солиштирганда бу тоифа ҳамюртларимизга қатор янги имтиёзлардан фойдаланиш имконини яратмоқда», деди Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Маҳмуд Парпиев.

Муҳокамалар давомида сўз олган Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ногиронлиги бўлган болаларга махсус таълим муассасаларида шароитлар яратиш бўйича вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди.

«Бугунги кунда республикамизда 86та ногиронлиги бўлган болалар таълим оладиган ихтисослашган мактаб, психик ва жисмоний ривожланишда нуқсони бўлган болалар учун мактаб-интернатлар бор. Мана шу мактабларда бугунги кунда 21 мингдан ортиқ ўқувчилар таълим-тарбия оляпти. Мактабларга бора олмайдиган 13 мингдан ортиқ ўқувчилар уйда, якка тартибда таълим олмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳозирги кунда инклюзив таълим бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланди. Сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган болалар сони ортиб боряпти. Сўнгги 5 йилда ҳисоб-китоб қилганимизда ногиронлиги бўлган болалар қамраб олинган мактаблардаги болалар сони 21 мингдан 34 мингга етган. Шу сабабли инклюзив таълимни ривожлантирмасак, болаларга эркин барча мактабларга бориш имкони яратилмаса, болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланмаган бўлади», деди вазир ўринбосари.

Қонун кучга кириши билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календар кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади. Протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда уларга шароитлар яратилади. Улар учун таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар кўзда тутилади. Касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Олий таълимда жами контингентнинг 2 фоизи миқдорида давлат грантлари ажратилади.

Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, шу жумладан уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи таъминланади.

Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.

Ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид