Жамият | 14:46 / 11.09.2020
2814
4 дақиқада ўқилади

Хоразмда «Қорадори-2020» тадбири давомида қатор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Хоразм вилоятида "Қорадори-2020" тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда. Тадбир давомида "каннабис" ўсимлиги ёхуд таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ва етиштириш билан боғлиқ бир неча ҳолатлар фош этилди.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, "Қорадори-2020" тезкор-профилактик тадбирнинг иккинчи босқичи давомида Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жиноий ҳолатлар ҳам фош этилди.

Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 28 август куни ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, Урганч шаҳрида яшовчи, 1978 йилда туғилган, илгари гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган, М.Х. битта гугурт қутисига жойланган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 500 000 сўмга сотаётганида ушланди.

Шунингдек, унинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салонида алоҳида қадоқланган яна икки бўлак “марихуана” гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб сақлаб қўйганлиги маълум бўлди.

Жорий йилнинг 10 август куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, битта гугурт қутисига жойлашган "марихуана" гиёҳвандлик воситасини сотаётган, Урганч шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган, У.Х.нинг қилмишлари фош этилди.

Суриштирув жараёнида у гиёҳвандлик воситасини, ҳамшаҳари, 1983 йилда туғилган, илгари гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жинояти учун судланган, У.Б.дан олганлиги маълум бўлгач, У.Б.га тегишли қаҳвахона кўздан кечирилганида, у ердан яна учта гугурт қутисига жойланган "марихуана" гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Айрим хотин-қизлар ҳам гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жиноятларга қўл урмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 7 сентябрь куни вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, 35 грамм оғирликдаги "опий" гиёҳвандлик воситасини 12 000 000 сўмга пулламоқчи бўлган, шу шаҳарда яшовчи, 1970 йилда туғилган, Ф.О. исмли аёлнинг қилмишига чек қўйилди. Ушбу аёл ўз уйида келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб, яна бир бўлак "опий" гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги тинтув жараёнида маълум бўлди.

Шунингдек, жорий йилнинг 2 сентябрь куни ички ишлар органлари томонидан Урганч туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда эса, шу туманда яшовчи, 1994 йилда туғилган, М.Р. исмли аёл "Гашиш" гиёҳвандлик воситасини 600 000 сўмга сотаётган пайтида қўлга олинди.

Ҳайратланарли томони шундаки, 26 ёшни қаршилаган ушбу аёл жорий йилнинг 13 август куни гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 5 000 000 миллион сўмга пуллаётган пайтида ушланган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган эди.

Гиёҳфурушликка қўл урган юқоридаги шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Азиз юртдошлар! Гиёҳвандлик бу иллатдир, уни кундалик ҳаётингизга кириб келишига асло йўл қўйманг. "Қорадори-2020" тезкор-профилактик тадбири давом этмоқда”, - дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид