Ўзбекистон | 20:49 / 12.09.2020
16543
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ер усти ҳалқа метросининг пастки қисмида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мумкин бўлади

Яқинда фойдаланишга топширилган Тошкент  ер усти ҳалқа метро линиясининг пастки қисмида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадларида фойдаланиш мумкин.

Ҳозирда ушбу йўналишда жойлар тайёрланмоқда. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур давомида маълум қилинди.

Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов мазкур йўналишда ташкил этиладиган тадбиркорлик объектлари ҳақида гапириб берди.

«Дунё тажрибасини ўрганиб чиққанимизда, Берлин, Токио, Цюрих каби шаҳарлар ер усти метроларида шунга ўхшаш мажмуалар яратилган. Яъни бундай амалиёт бир қатор ривожланган давлатларда мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, биринчи ва иккинчи бекат оралиғида биринчи чорраҳадан бошлаб 11 километрдан ортиқ жойни 6та лотга бўлиб чиқдик. Натижада тадбиркорлар учун жами 153 161 кв. метр жой яратилди», дейди Бахтиёр Раҳмонқулов.

Бахтиёр Раҳмонқулов

Ер қандай ажратилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, аукцион «ЕРЕЛЕКТРОН» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирувчи ҳужжатлари ишлаб чиқилганидан сўнг, ўрнатилган тартибда тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Савдолар очиқ ва шаффоф ташкил этилади. Унда ҳар бир тадбиркор иштирок этиши, ўз лойиҳаларини тақдим этиши мумкин.

Қандай тадбиркорлик объектлари очиш мумкин?

Тошкент ер усти ҳалқа метросининг пастки қисмида кўпроқ қандай тадбиркорлик объектлари ташкил этилиши тадбиркорлардан келиб тушган таклифларга боғлиқ бўлади.

«Aлбатта, янги метрога мос тарзда замонавий тадбиркорлик объектлари ташкил этилади. Бунда тадбиркорлардан келиб тушадиган таклифлар инобатга олинади. Улар учун барча шароитларни яратиб берамиз», дейди Яшнобод тумани ҳокими.

Савдолар 1 декабрдан йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид