Ўзбекистон | 16:22 / 15.09.2020
11557
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон АҚШга 10 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қила бошлайди

Ўзбекистонда етиштирилган бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини АҚШ бозорида сотиш учун рухсатнома олинди. Бу ҳақда «Ўздавкарантин» инспекцияси матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

«Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда, аввало, уларнинг фитосанитар ҳолати ижобий бўлиши замон талаби ҳисобланади. Сабаби, хорижда сифатли, хавфсиз маҳсулотга харидор ҳар доим топилади. Бунинг учун эса аввало мева-сабзавотлар зарарли организмлардан холи бўлиши даркор», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўздавкарантин» инспекцияси томонидан юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун янги бозорларни очишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, АҚШ бозорига кириш учун мамлакатимизда етиштирилган бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича фитосанитар рухсатнома олинди.

«Америкалик мутахассислар томонидан мамлакатимизнинг фитосанитар ҳолати ўрганилиши натижасида 10 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти АҚШга экспорт қилиниши расман тасдиқланди. Булар – ловия, мош, нўхат, ерёнғоқ, бодом, грек ёнғоғи, қуритилган узум, ўрик, олхўри ва анжир.

Тадбиркорлар эндиликда юқорида саналган маҳсулотларни АҚШ га экспорт қилишлари мумкин», – деб маълум қилди «Ўздавкарантин» матбуот хизмати.

Таъкидланишича, тадбиркорлар маҳсулотларни фитосанитар тоза ҳолатда, карантин объектларисиз, яъни Ўзбекистон имижига салбий таъсир қилувчи омиллардан холи тарзда юборишлари мақсадга мувофиқ. Фитосанитар ҳолатни ўрганиш учун инспекциянинг исталган ҳудудий бошқармаларига, Ўсимликлар карантини чегара масканларида ўрнатилган ишонч рақамларига мурожаат қилиш мумкин.

«Шунингдек, яқин вақт мобайнида АҚШ томонидан қовун экспортига рухсат берилиши кутилмоқда. Бу бўйича қовуннинг фитосанитар хавфи анализи якунланиш арафасида турибди.

Шунингдек, АҚШ томони бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича қизиқиш билдириб, уларнинг Америка бозоридаги рақобатбардошлиги ўрганилмоқда», – дея маълум қилди инспекция вакиллари.

Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Ўзбекистон мева-сабзавотларини Буюк Британияга экспорт қилиш бўйича келишувга эришилган эди.

Мавзуга оид