Ўзбекистон | 19:19 / 15.09.2020
23095
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Россия бош вазири ўринбосарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчукни қабул қилди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус инфекциясининг глобал миқёсда тарқалиши билан боғлиқ замонавий хавф-хатарларга қарамай мамлакатларимиз ўртасидаги фаол мулоқот давом этаётгани ва кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги суръати сақлаб қолинаётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ортаётгани кузатилмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга ошириляпти, қўшма корхоналар сони кўпайди.

Ўзбекистон президенти коронавирус пандемиясига қарши курашишда яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.

Россия ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчук учрашув ўтказиш имконияти учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва ҳукумати раиси Михаил Мишустиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Иқтисодий кооперация бўйича узоқ муддатли дастур тайёрлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги амалий алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатлари кун тартибини янги мазмун билан бойитиш мақсадида ҳамкорликдаги устувор дастур ва лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ва МДҲ доирасидаги яқин мулоқотларни давом эттириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид