Ўзбекистон | 11:23 / 16.09.2020
51548
2 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Ғаниевнинг акаси вафот этди. Унинг ўлимига коронавирус сабаб бўлмагани айтилган

Фарғона вилояти Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Мадаминович Ғаниев 15 сентябрь куни 61 ёшида вафот этди. У сўнгги ҳафта давомида шифохонада даволанишда бўлган.

Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов Facebook’даги саҳифасида Авазбек Ғаниевнинг ўлими ҳақида хабар берган ва у қон босими кўтарилиши ва мияга қон қуйилиши оқибатида вафот этганини маълум қилган.

У 2013 йилдан бери Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмасини бошқариб келаётган эди. Илгари у Фарғона вилояти Қўштепа туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари сифатида ҳам ишлаган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Авазбек Ғаниев коронавирусга чалиниб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Фарғона вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази Авазбек Ғаниевнинг коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарларни рад этган, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати эса 8 сентябрь куни у пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанаётганини маълум қилганди.

Маълумот учун, Авазбек Ғаниев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг отаси, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид