Жаҳон | 08:22 / 17.09.2020
6170
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги ёнғинлар тутуни Европагача етиб борди

АҚШ ғарбида давом этаётган табиий ёнғинлардан тарқалаётган тутун нафақат АҚШнинг шарқий соҳилларигача, балки Европанинг шимолидаги бир қатор давлатларгача етиб борди. Бундан Европанинг атмосферани мониторинг қилиш хизмати (CAMS) маълум қилди

“АҚШда жорий йилдаги ёнғин фаоллигини аввалги йиллардаги билан солиштириб, CAMS жорий йилда ушбу фаоллик 2003-2019 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан ўнлаб ёки ҳаттоки юзлаб марта юқори бўлганини аниқлади”, деб маълум қилинган хабарда.

Экспертларнинг таъкидлашича, ёнғинлар тутуни Шимолий Америка, АҚШ ва Канада атмосферасига тарқалган, сўнгра 8 минг кмдан олисроқда жойлашган Европанинг шимолигача етиб борган. Прогнозларга кўра, бу ҳолат келаётган дам олиш кунлари (19-20 сентябрь) такрорланади. Ўшанда тутун яна Атлантика океанини кесиб ўтади.

АҚШдаги ёнғинлар атроф-муҳитга катта ҳажмда тутун чиқишига ва атмосферанинг ифлосланишига олиб келган. Охирги кунлар кўпчилик штатларда ёнғинлар фаоллиги пасайган бўлса-да, атмосферада кучли тутунланганлик қолмоқда. Олимларнинг фикрича, тутуннинг шарқ томон тарқалишига об-ҳаво шароитлари кўмак бермоқда.

АҚШда йирик ўрмон ёнғинлари августдан бери давом этмоқда. Бунга аномал иссиқ ҳаво ва чақмоқлар сабаб ҳисобланади. Ёнғинлар билан боғлиқ энг оғир вазият Орегон, Калифорния, Айдахо ва Вашингтон штатларида сақланиб қолмоқда. Ёнғинлар оқибатида 30дан кўпроқ киши ҳалок бўлган, бир неча ўн киши бедарак йўқолган. Охирги маълумотларга кўра, мамлакат ғарбида 87 та йирик ёнғин ўчоғи қолмоқда, уларнинг умумий майдони 2 млн гектарга яқинлашмоқда.

Мавзуга оид