Ўзбекистон | 09:38 / 18.09.2020
20991
3 дақиқада ўқилади

Мен ҳам фарзандларим тўйларини кўрсам дейман...

Kun.uz хайрия акциялари қаҳрамонлари орасида буйрак хасталигига чалинганлар, айниқса бу аъзоларини алмаштиришга муҳтожлар кўпчиликни ташкил этади. Навбатдаги беморимиз ҳам бу касаллик билан узоқ 6 йилдан бери курашиб келмоқда ва ўтган ҳар бир куннинг азоблари унинг ўзига аён.

– 41 ёшдаман, 35 ёшимдан бошлаб икки томонлама буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келаман. Мен оиламни оёққа турғазишим, ўсиб келаётган фарзандларимга суянчиқ бўлишим керак бўлган йилларда уларни қийнаб қўйяпман, – дейди бекободлик Бурҳон Зокиров.

Бу шундай бир дард эканки, оғриқларини, ноқулайликларини ва тушкунликни фақат бошидан ўтказган одамгина тушуна олади. Баданимни тешиб, ҳар икки буйрагимга сийдик чиқарувчи мослама (катетер) улаб қўйилган. Вақти-вақти билан, ўртача бир ойда катетерларни суғириб олишади ва алмаштиришади. Ўша онларда танам бу оғриқларга қандай чидаганига ўзим ҳам ҳайратда қоламан.

Бу касалликдан қутилишнинг ягона йўли – буйрак кўчириш операцияси экан. Аҳволимдан келиб чиқиб, кўплаб хорижий клиникалар имкониятлари ва нархларини ўргандик ҳамда Германиядаги клиникада тўхталдик.

Бу клиникадаги операция ва даволаниш харажати 38 минг долларни ташкил қиларкан!

Менинг оилавий аҳволим ҳаминқадар, узлуксиз даволанишлар, гемодиализ харажатлари билан ўзимдан орттира олмаганман. Операция маблағи маълум бўлгач, яқинларимиз, саховатли инсонлар қараб туришмади ва анча ёрдам қилишди. Аммо бу маблағ анча катта ва уни ўзим топа олишимга кўзим етмайди...

Икки болам, онам ва аёлим билан яшайман. Мен ҳам бошқалар қатори фарзандларимнинг тўйларини кўрсам, набиралар бахтига эришсам дейман. Саховатли инсонларнинг хайриялари ҳақида кўп эшитганман ва мен ҳам сиз азизларга умид билан мурожаат қилаяпман. Илтимос, мендан ҳам кўмагингизни дариғ тутманг, – дея сўзларини тугатди бугунги қаҳрамонимиз.

 Бурҳон Зокировга оид маълумотлар:

  • UzCard: 8600 0423 9828 8257 (Агробанк, Бурҳон Зокиров номида)
  • Viza: 4916 6400 0021 0722 (Миллий банк, Бурҳон Зокиров номида)  
  • Сбербанк: 4276 3801 5887 0969 (таниши Толиб Раҳматов номида)
  • Телефон: +998909922417

 Саховатпеша ва савобталаб юртдошлар! Хайрияга сарфланган маблағ дилга таскин бериши ва ўрни тўлиб қолавериши ҳақида жуда яхши биласиз. Яна бир юртдошимиз илинжи билан мурожаат қилмоқда ва уни ҳам ноумид қилмайсиз деган умиддамиз. Дуоларингизда беморларни эслаб қўйинг.

 Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид