АҚШ Венесуэла президенти ва Эрон мудофаа вазирлигига қарши санкциялар киритди
АҚШ маъмурияти Венесуэла президенти Николас Мадурони Эрон билан қурол етказиш бўйича битимлар тузишга алоқадорликда айблаб, унга ва Эрон мудофаа вазирлигига қарши санкциялар киритди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.
Эътиборлиси, Помпео ўз баёнотида Мадурони Венесуэланинг собиқ президенти деб атаган ва шу сабабли АҚШ Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуайдони вақтинчалик президент деб тан олишини айтган.
“Биз Теҳрондаги коррупциялашган амалдорлар БМТнинг Эронга қурол етказишга тақиқловини бузиш мақсадида Венесуэладаги ноқонуний тузум билан ишлагани учун Венесуэланинг собиқ президентига қарши санкциялар киритдик”, деб айтган Помпео.
Бундан ташқари, АҚШ ушбу айблов бўйича Эрон мудофаа вазирлиги, Defense Industries Organisation компанияси ва унинг раҳбарига қарши санкциялар киритган. Шунингдек, АҚШ давлат департаменти ва молия вазирлиги Эрон ядро дастурига алоқадор 6 нафар жисмоний шахсга ва 3 та компанияга қарши биргаликда санкциялар жорий қилган. АҚШ молия вазирлиги Эроннинг баллистик ракеталар ишлаб чиқиш дастурига алоқадор 3 нафар шахс ва 4 та компанияга қарши алоҳида санкциялар киритган.
“Бизнинг бугунги ҳаракатларимиз бутун дунёда тингланиши керак бўлган огоҳлантиришдир. Сиз ким бўлишингиздан қатъи назар, БМТнинг Эронга қурол етказиш эмбаргосини бузсангиз, санкциялар остига тушишингиз мумкин”, деб ўз сўзларини якунлаган Помпео.
Аввалроқ АҚШ БМТнинг Эронга қарши санкциялари тикланишини эълон қилганди. Вашингтон, шунингдек, бу санкцияларни қўллаб-қувватламайдиган давлатларга нисбатан ҳам чоралар кўриш билан таҳдид қилган.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
15:44 / 13.11.2024