Жаҳон | 23:57 / 22.09.2020
20371
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Британия хавф остида, янги чекловлар ярим йилга чўзилиши мумкин

Британия бош вазири Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши ортидан мамлакатда жорий этилаётган янги чоралар яна ярим йилгача ўз кучида қолиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Бу орада дунё бўйлаб коронавирус қурбонлари сони миллионга яқинлашди, Лотин Америкасидаги вазият эса ёмонлашмоқда.

Фото: PA MEDIA

Пандемия бошидан бери коронавирусга чалинган инсонлар сони дунё бўйлаб 31,2 миллиондан ортиқ кишини ташкил этяпти, улардан 21 миллиони касалликдан соғайган. Қурбонлар эса деярли миллион нафар - 965 минг ўлим.

Британия бош вазири Борис Жонсон сешанба куни парламентда Англияда карантинга доир янги чекловлар киритилиши ҳақида гапирди. Унга кўра:

  • Қовоқхона ва ресторанлар кечки соат 10да ёпилади;
  • Официантлар томонидан хизмат кўрсатилиши шарт, бардан буюртма бериш ҳар ерда тақиқланади; 
  • Иложи бўлса, фуқаролар уйдан туриб ишлашлари керак.

Буюк Британиянинг бошқа қисмлари - Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия карантин чораларини мустақил ишлаб чиқади. 

«Бу бизнеснинг катта қисмига таъсир кўрсатишидан афсусдаман, аммо шундай қилишга мажбурмиз», деди бош вазир. Шундай қилиб, ҳозиргача ҳам олти кишидан кўп одам йиғилиши тақиқланган Англияда чекловлар кучаяди, аммо карантин туфайли жиддий йўқотишларга учраган кичик бизнеснинг шикоятлари фонида ҳукумат янада қатъий чоралар жорий этмади.

Жонсон ушбу чекловлар тахминан олти ой ўз кучида қолиши мумкинлигини таъкидлади. «Ушбу вирус ҳаётимиз ҳодисасига айланди. Ва мен парламент аъзоларига ва бутун мамлакатга унга қарши курашимиз давом этишини айтишга мажбурман», деди бош вазир. 

Сўнгги ҳафталарда Британияда Covid-19 билан касалланганлар сони кескин ошди. Душанба куни ҳукуматнинг илмий ва тиббий маслаҳатчилари касаллик ҳозирги каби тез тарқаладиган бўлса, октябргача мамлакатда кунига 50 минг кишигача касал бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ливерпуль университети профессор-инфекционисти Кейлум Сэмплнинг фикрича, ушбу чоралар етарли эмас. У илмий жамиятдаги «жиддий хавотир» ҳақида гапирди, чунки 50 ёшгача бўлган одамлар орасида юқтириш даражаси ўсиб бормоқда.

Фото: Reuters

Шотландияда кескин чоралар
Шотландиянинг биринчи вазири Никола Стержен сешанба куни мамлакатда меҳмонга бориш вақтинча тақиқланишини эълон қилди.

Ушбу чора Глазго ва унинг чекка ҳудудларидаги 1,7 миллиондан ортиқ одам учун аллақачон жорий қилинганди. Энди, Стерженнинг сўзларига кўра, ушбу чеклов бутун мамлакат учун амал қилади. 

Бундан ташқари, Шотландияда, Англия ортидан, жума кунидан бошлаб паб ва ресторанлар кечки соат 10да ёпилади.

Шундай қилиб, Шотландия Англияга (катта чекловлар билан бўлса-да, меҳмонга бориш мумкин) қараганда қатъийроқ карантин чораларини жорий этди.

Душанбадан бери Англияда «олтилик қоидаси» амал қилмоқда: битта том остида яшамайдиган одамлар (ҳатто уйда) олти кишидан кўп бўлмаган гуруҳда тўпланиши мумкин. 

«Бу қадамларни қўйганимизнинг сабаби шундаки, ушбу чекловлар Шотландиянинг ғарбий қисмида вирус тарқалишини тўхтатмоқда», дейилади ҳукумат баёнотида. 

Лотин Америкаси ва Россия вакцинаси
Лотин Америкаси дунёда энг жиддий зарар кўрган минтақалардан бири бўлиб қолмоқда, ҳозиргача 8,7 миллионга яқин ҳолатлар аниқланган. Сешанба куни Мексикада ташхислар сони 700 мингдан ошди. 

Лотин Америкаси мамлакатларида Covid-19'дан тахминан 322 минг киши вафот этган, ўлимларнинг тахминан 20 фоизи Мексикага тўғри келади (73 минг қурбон). Ўтган ҳафта Аргентинада касалланишнинг кунлик кўпайиши бўйича антирекорд ўрнатилди - у ерда бир кунда 13 мингта янги ҳолат рўйхатга олинган. 

Энг ёмон аҳвол Бразилияда - 4 миллиондан ортиқ ҳолат. Бу дунёда вирус юқтиришлар сони бўйича биринчи ўриндаги АҚШ кўрсаткичларидан 2 миллионга камдир. 

Лотин Америкаси - Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник-V» вакцинаси етказиб бериладиган икки минтақадан биридир. Россия тўғридан тўғри инвестициялари жамғармаси у ерга тахминан 100 миллион дозани етказиб беради. Худди шунча миқдордаги вакцина Ҳиндистонга йўл олади. 

Хусусан, Бразилиянинг Баия штати 50 миллион дозага буюртма берган. Штат соғлиқни сақлаш вазири Фабио Вилас-Боаснинг таъкидлашича, агар вакцина бирор-бир кутилмаган ножўя таъсир кўрсатса, Россия компаниялари қонуний жиҳатдан жавобгар бўлади. «Агар препарат зарарли ножўя таъсирга эга бўлса, унда одамларнинг фармацевтика компанияларига қарши умумий суд даъволарига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди», деди у. 

Ғарб фармацевтика саноати коронавирусга қарши вакцина дозаси учун 5-15 еврони мақбул нарх деб ҳисоблайди, деб маълум қилди Vaccines Europe'нинг ижроия кенгаши президенти Сью Миддлтон душанба куни Европа парламентидаги тингловда. Ушбу ташкилот Европадаги йирик фармацевтика компаниялари манфаатларини ҳимоя қилади. 

Европа ва иккинчи тўлқин
Испанияда жума кунидан бери Covid-19'нинг 31 мингдан ортиқ янги ҳолати қайд этилди. Бу ердаги расмийлар ҳам иккинчи тўлқин ҳақида гапиришмоқда. Энг оғир вазият Мадридда, шаҳар туманлари ўртасида ҳаракат чекланган. 

Энди Франциянинг етти провинцияси аҳолиси Италияга киришда коронавирусга салбий тест натижасини тақдим этиши керак. Мамлакатнинг айрим қисмларида, жумладан, Иль-де-Франс ва Франция жанубида касалланиш ҳолатлари сони кескин ўсиб бормоқда.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш сешанба куни «Чехия яна ўзини қийин аҳволга солиб қўйгани» ҳақида гапирди. «Эпидемия қайтди», дея қўшимча қилди у. Чехия Covid-19 юқтириш ҳолатлари сони бўйича ЕИда иккинчи ўринга чиқди, деб маълум қилди душанба куни мамлакат ички ишлар вазири Ян Хамачек.

Чехия аввалроқ ўз вақтида жорий қилинган локдаун туфайли коронавируснинг жиддий тарқалишидан сақланиб қолган. Бироқ, душанба куни 10 миллион кишилик мамлакатда 1474 ҳолат қайд этилди. 

Бабиш ёзда Чехияда чекловларни бекор қилиш хато бўлган деб ҳисоблайди. «Ҳатто мени ҳам ёз ва умумий кайфият чалғитди. Бу хато эди, бу такрорланишини истамасдим», деди у.

Мавзуга оид