Айни пайтда тиббиёт ва жамият яна бир жиддий муаммо, тўғрироғи муаммолар шодасига дуч келди – мавсумий грипп ҳамда бошқа касалликларни ва коронавирусни ажратиб олиш, бир неча касаллик қўшилиб келганда муносиб даражада қарши курашиш зарурати туғилмоқда.
Энг жиддий масала – грипп ва COVID-19 айниқса дастлабки босқичларида жуда ўхшаш кечади. Ҳарорат кўтарилиши, бош айланиши, йўтал каби умумий белгилар ҳар икки касалликнинг асосий симптомлари ҳисобланади. Аммо ўтган қисқа муддат тажрибаси шуни кўрсатдики, аксарият ҳолларда енгил ўтадиган COVID-19 касаллиги асоратларга сабаб бўлганида ниҳоятда оғир кечади ва ўлимга ҳам сабаб бўлади.
Гриппнинг белгиларини деярли ҳамма билади; сабаби – бу касалликка чалинмаган одамнинг ўзи йўқ. Коронавирус юққанда гриппга ўхшаш белгилардан ташқари яна қатор симптомлар борки, булар касалликларни тест топширмасдан ҳам ажратиб олишда қўл келади:
1. COVID-19 касаллигига чалинишнинг ўзига хос хусусияти – инсоннинг сурункали касалликларини қўзғатишидир. Агар сизни шу пайтга қадар бош оғриғи безовта қилган бўлса, касаллик шу белги билан кечади. Кишида сурункали жигар касалликлари мавжуд бўлса, асоратлар кўп ҳолларда шу аъзода кузатилади.
2. Коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган ўзига хос белгилар орасида ҳид ва таъм билиш хусусиятларининг йўқолиши кўп учрайди. Баъзан касаллик кечганда бу белгиларнинг ўзигина кузатилиб, фақат шу симптомлар COVID-19'дан далолат беради.
3. Айнан COVID-19'га хос белгилардан яна бири, эрта юзага чиқадигани – оғиз бўшлиғида пайдо бўладиган тошмалардир. Гарчи яққол ва доимий симптом бўлмаса-да, бу белги ҳам гриппдан фарқлашда қўл келади.
4. Энг жиддийси – COVID-19'нинг асоратлари гриппга нисбатан анча жиддий кечади. Агар организмда сурункали касалликлар бўлса, вазият кескинлашади. Сўнгги давр статистикаси коронавирусга чалинганлар орасида сурункали касалликлар бўлмаса ҳам ўлим ҳолати анчагина кузатилаётганини кўрсатяпти ва бу COVID-19 касаллиги муаммоси янада жиддийлашаётганини билдиради.
5. Ҳар икки касалликни узил-кесил ажратиб олиш тест топшириш орқали амалга оширилади.
Айнан мана шу муаммо – яъни пандемия даврида мавсумий касалликлар, хусусан бронхитнинг кечиш хусусияти, уни COVID-19'дан қандай фарқлаш бўйича Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаевага ҳам савол берилган.
















