Жаҳон | 10:50 / 23.09.2020
68707
25 дақиқада ўқилади

«Беслан. Унутма»: Биринчи қўнғироқнинг аламли хотиралари ёхуд 333 қурбон берилган хато

Бундан 19 йил муқаддам Россия таркибидаги Шимолий Кавказнинг кичик бир шаҳарчасида содир бўлган даҳшатли воқеа ҳанузгача кўпчиликнинг қалбини ларзага солиб келади.

Фото: Reuters

Беслан шаҳри Россия Федерацияси таркибига кирувчи Шимолий Осетия республикасининг Правобережний тумани маркази ҳисобланади. Шаҳарда асосан осетинлар, озроқ руслар ва яна бошқа кўплаб миллат вакиллари яшайди. Беслан шаҳри аҳоли сони бўйича Шимолий Осетияда Владикавказ ва Моздокдан сўнг учинчи шаҳар ҳисобланади.

Беслан фожиаси

2004 йил 1 сентябрь, Беслан шаҳридаги барча мактабларда байрамона кайфият ҳукмрон. Ўқувчилар қўлларида гул тутиб «Билимлар куни» муносабати билан ўтказиладиган байрамга ошиқишяпти. Шу жумладан, шаҳардаги 1-сонли мактаб ўқувчилари ҳам.

Ўша куни эрталаб соат 9:00да шаҳардаги 1-сонли мактабда ҳам янги ўқув йилининг очилиши муносабати билан байрам тадбири бошланади. Тадбирда мактаб ўқувчиларидан ташқари уларнинг ота-оналари ва бошқа меҳмонлар ҳам қатнашаётганди. Шу пайт бир гуруҳ қора ниятли шахслар мактабга кириб келади. Уларнинг бир қисми мактаб ҳовлисининг орқа томонига ўтади. Бир қисми эса тўғри мактаб ҳовлисига бостириб кириб, қуроллардан ҳавога ўқ узиб, барчани мактаб спортзалига ҳайдашади. Ўқитувчилар, ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари шок ҳолатига тушади ва мактабга террорчилар ҳужум қилганини англашади.

Орадан 10 дақиқа ўтиб Правобережний туман ички ишлар бўлимига тахминан 20 нафардан ошиқ қуролланган шахс Бесландаги 1-сонли мактабда одамларни гаровга олгани ҳақида хабар келиб тушади.

Бу пайтда террорчилар гаровга олинганларни мактаб спортзалига қамаб, ҳамма жойга бомба ўрната бошлайди ва гаровдагилардан уяли телефонлар, фотоаппаратлар ҳамда сумкаларни тортиб олишади. Улар ўзларига қарши чиққан уч кишидан икки нафарини отиб ўлдиришади, учинчиси оғир жароҳатланади.

Шундан сўнг террорчилар гаровга олинганлар орасидаги эркаклар ва юқори синфларда ўқийдиган ўғил болаларни алоҳида ажатиб спортзалдаги хоналардан бирига қамаб қўйишади. Аёллар ва болаларнинг бир қисмини тирик нишон сифатида деразалар олдига тик турғизиб қўйишади, қолганлар спортзал саҳнига жойлашади.

Террорчилар Москвадаги «Норд-ост» театридаги иш бу ерда ҳам қайтарилмаслиги учун деразаларнинг ойнасини синдириб чиқишади (2002 йилда бир гуруҳ террорчилар Москвадаги «Норд-ост» театрида томошабинлар ва театр жамоасини гаровга олганда уларни заҳарли газ билан заҳарлаб сўнг бино штурм қилинган эди).

Бу орада Бесландаги ҳодисадан Шимолий Осетия ички ишлар вазири Казбек Дзантиев ва республика раҳбари Александр Дзасохов хабар топади. Шундан сўнг бутун республика бўйлаб ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари оёққа туради. Мактабни Правобережний туман ички ишлар бўлими ходимлари ўраб олади.

Террорчилар мактабни эгаллаганидан ярим соат ўтиб бу ҳодиса ҳақида Москвага, Федерал хавфсизлик хизмати бош идорасига хабар берилади. ФХХда зудлик билан «Қўлга олиш» режаси ишлаб чиқилади ва махсус гуруҳ Бесланга жўнатилади.

Бу пайтга келиб мактаб атрофига ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам махсус техникалар билан етиб келади.

Бесландаги ҳодисадан хабар топган Россия президенти Владимир Путин Сочида таътилда бўлишига қарамай Москвага қайтади.

Шундан сўнг Бесланга Шимолий Осетия раҳбари Александр Дзасохов, республика парламенти раиси Таймураз Мамсуров, ФХХнинг Шимолий Осетия бўйича раҳбари Валерий Андреев, Шимолий Кавказдаги 58-армия қўмондони В. Соболев ва бошқа кўплаб мутасаддилар етиб келишади.

Соат 11:00да террорчилар билан музокара ўтказиш учун В.Зангинов ва Шимолий Осетия муфтийси Руслан Валгасов оқ байроқ кўтарган ҳолда мактаб биноси томон ҳаракатлана бошлайди. Бироқ террорчилар ўқ узиб уларни бинога яқинлаштирмайди.

Орадан бироз ўтиб террорчилар гаровга олинган аёллардан бирини хат билан ташқарига чиқаришади. Хатда улар ўзлари билан музокара ўтказиш учун Шимолий Осетия раҳбари Александр Дзасохов, Ингушетия республикаси раҳбари Мурат Зязиков, Россия президенти маслаҳатчиси Асланбек Аслаханов ва болалар шифокори Леонид Рошаль (Яна бир версияга кўра Россия хавфсизлик кенгаши котиби, генерал-полковник Владимир Рушайло) мактаб ичкарисига кириши лозимлигини талаб қилишган эди.

Террорчилар уларнинг ҳар бири учун 150 нафардан болани қўйиб юборишга ваъда беришади. Бундан ташқари, террорчилар, агар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан мактабга қуролли ҳужум қилинадиган бўлса, ҳар бир ҳалок бўлган террорчи учун гаровдагилардан 50 нафарини, ҳар бир яраланган террорчи учун эса гаровдагилардан 20 нафари ўлдирилишини маълум қилишади.

Тушга бориб Шимолий Осетиядаги ҳар бир объектда хавфсизлик чоралари кўрила бошланади. Грузия билан чегара ёпилади. Ингушетия билан чегаралардаги назорат пунктлари кучайтирилган тартибда ишлашга ўтади. Россия бўйлаб Владикавказга учадиган барча рейслар бекор қилинади.

Соат 12:31да мактаб ҳовлисидаги иситиш иншооти ичидан 15 нафар одам чиқиб келади. Улар террорчилардан яширинишга улгуриб қолган одамлар бўлиб чиқади.

Кечга бориб бутун Шимолий Кавказ минтақасида, Ингушетия, Доғистон, Кабардин-Болқор, Қорачой-Черкасс, Адигей республикалари ва Краснодар ҳамда Ставрополь ўлкаларида террорчиларнинг эҳтимолий ҳужумларига қарши хавфсизлик чораларини кўриш эълон қилинади.

Соат 16:00-16:30 оралиғида мактаб биноси ичида отишма овозлари эшитилади. Кейинчалик террорчилар орасидаги аёлнинг белига тақилган портловчи қурилма эҳтиётсизлик оқибатида портлаб кетгани маълум бўлади. Оқибатда террорчи аёл ҳалок бўлади, ёнидаги террорчи эса оғир жароҳат олади. Бу ҳодиса содир бўлганда террорчилар гаровдагилар бош кўтармасин деб қўлидаги қуроллардан ҳавога ўқ отишган эди.

Бу орада фарзандлари гаровда қолаётган ота-оналар мактаб яқинига йиғилиб, Шимолий Осетия раҳбариятидан ҳар қандай ҳолатда мактабга бостириб кирмасликни ва террорчилар билан келишиб гаровдагиларни озод қилиш талабини қўйишади.

Кечга бориб ФХХнинг Шимолий Осетия бўйича раҳбари Валерий Андреев террорчилар билан алоқа ўрнатилганини маълум қилади. Террорчилар гаровдагиларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун берилган таклифни рад этади ва тиббий анжомлар, дори-дармонлар ва озиқ-овқатни қабул қилишмайди. Улар илк талабда қатъий туриб олади.

Иккинчи кун

Иккинчи кунда ҳам террорчилар гаровдагилар учун тиббий анжомлар, дори-даромонлар ва егуликларни қабул қилишмайди.

Фото: Shutterstock / REX

Террорчилар ҳеч қандай музокарага кўнишмайди ва дастлаб талаб қилган шартларида туриб олишади. Улар билан расмийлар орасида Леонид Рошаль алоқачи бўлиб туради. Болалар шифокори бўлган бу шахс 2002 йилда «Норд-ост» театрида бўлиб ўтган ҳодисада ҳам мутасаддилар ва террорчилар ўртасида воситачилик қилган эди.

Владимир Путин Туркияга режалаштирилган ташрифни бекор қилади. 2 сентябрь куни кечки пайт у телевидение орқали россияликларга қилган мурожатида ҳукумат расмийлари учун бирламчи мақсад гаровдагиларни террорчилар қўлидан соғ-омон қутқариб олиш бўлаётганини билдиради.

Тушдан кейин Ингушетиянинг биринчи президенти Руслан Аушев мактаб биносига кириб боради ва террорчилар билан юзма-юз музокара ўтказади. Аушев террорчилар билан келиша олмайди, аммо бу ҳаракати ортидан улар ёш боласи бор 26 нафар аёлни гаровдан озод қилишади.

2 сентябрь куни Ингушетия президенти Руслан Аушев террорчилар билан музокара ўтказиб, гаровдагиларнинг 26 нафари озод этилишига эришади - булар эмизикли чақалоғи бўлган аёллар эди
Фото: Reuters

Шифокор Леонид Рошаль террорчилар билан гаровдагиларга тиббий анжомлар, дори-дармонлар ва озиқ-овқат етказиб бериш масаласида музокалаларни давом эттиради. Террорчилар яна рад жавобини беришади.

Учинчи кун

Учинчи кунга ўтиб гаровдагиларнинг аксариятининг соғлиғи ёмонлаша бошлайди. Соат 11:00га бориб тадбиркор Михаил Гуцериев террорчилар билан, биринчи кун мактабнинг иккинчи қаватидан ташлаб юборилганларнинг жасадларини ташқарига олиб чиқиш масаласида музокаралар ўтказади. Террорчилар усти очиқ автомобилларда жасадларни йиғиб олишга рухсат беришади.

Соат 12:40 да ФВВга қарашли усти очиқ юк машинаси 4 нафар ходим билан мактаб ҳовлисига киради. Ходимлар жасадларни йиғиштира бошлайди. Орадан 20 дақиқа ўтиб, улар жасадларни йиғиштиришга улгурмасидан мактаб спортзалида иккита кучли портлаш эшитилади. Шундан сўнг террорчиларнинг саросимага тушиб қолганидан фойдаланиб гаровдагиларнинг бир қисми қоча бошлайди. Террорчилар уларни ўққа тутади. Ана шу ерда гаровдан қочганлардан 29 нафари ҳалок бўлади.

Портлаш натижасида ошхона девори ўпирилиб тушгани туфайли террорчилар гаровдагиларнинг қолганини активлар залига ва ошхонага ҳайдаб ўтишади.

Шу пайтда Валерий Андреев ФХХ махсус бўлинмасига мактаб биносини штурм қилиб олиш буйруғини беради. Шундан сўнг кенг қамровда мактабни эгаллаш операцияси бошланади. ФХХ махсус бўлинмасидан ташқари, 58-армия десантчилари, ички ишлар органлари, ҳамма бирданига ҳужумга ўтади.

ФХХ директори Николай Патрушев Бесланга махсус топшириқли марказ бўлинмаларини юборганди. Операцияда 250дан ошиқ махсус жангчилар иштирок этган.
Фото: Reuters

Икки ўртада отишма юз берар экан, гаровдагилар ўқ ёмғири остида қочиб чиқа бошлайди. Уларнинг аксарияти ўша пайтда турли жароҳатлар олади. 1200 нафардан ошиқ одам уч кун давомида гаровда ўтирганига қарамасдан мутасаддилар томонидан мактаб яқинига етарли даражада тез ёрдам машиналари келтирилмагани маълум бўлади. Гаровдан қочиб чиқишда жароҳат олганларни кўплаб кўнгиллилар шахсий автомобилида касалхонага ташийди.

Тушга бориб мактаб биносининг ичига 58-армия ҳарбийлари ва ФХХ махсус бўлинмаси ходимлари киради. Бу пайтда террорчилар гаровдагиларнинг қочиб чиқишга имкони бўлмаганларини жонли тўсиқ сифатида фойдаланиш учун, уларни эшик ва даразалар олдига турғизиб қўйишганди.

Тушдан сўнг бўлиб ўтган жангларда «Альфа» ва «Вимпель» гуруҳлари махсус бўлинмаси ошхонага киришга уринади. Террористлар уларни ўққа тутади. Шундан сўнг мактабнинг турли томонларидан штурм бошланади. Террорчилар ва махсус бўлинмалар ўртасида аёвсиз жанг кечади.

Теракт учун жавобгарликни чечен жангарилари етакчиси Шамиль Басаев ўз зиммасига олган, у 2006 йилда Ингушетияда Россия махсус хизматлари томонидан йўқ қилинган
Фото: Reuters

Кечки пайт соат 18:00га бориб гаровдагиларнинг тирик қолган қисми қутқарилади. Шундан сўнг мактаб биносини террорчилардан тозалаш учун жанг давом эттирилади ва ярим кечага бориб бино батамом тозаланади.

Фожиа қурбонлари

Беслан фожиаси оқибатида жами 333 нафар инсон ҳалок бўлади. Улардан 186 нафари болалар эди.

Ҳалок бўлганларнинг таркиби қуйидагича бўлган:

  • 1 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар – 186 нафар;
  • Ота-оналар, меҳмонлар – 111 нафар;
  • Ўқитувчилар ва мактаб ходимлари – 17 нафар;
  • ФХХ ходимлари – 10 нафар;
  • Қутқарув ишларида қатнашган фуқаролар – 6 нафар;
  • ФВВ ходимлари – 2 нафар;
  • Ички ишлар ходимлари – 1 нафар.

Беслан фожиаси Россия тарихида ФХХ ходимлари энг кўп ҳалок бўлган операциядир.

Фото: Scott Peterson / Getty Images
Гаровдагилар уч кун давомида мактаб спорт залида сув ва озиқ-овқатсиз тутиб турилган Фото: Reuters
Фото: Рамазан Лагкуев / РИА Новости

Беслан фожиасида жами 783 нафар инсон турли даражадаги жароҳатлар олади. Улардан 728 нафари гаровга олинган шахслар бўлса, 55 нафари ФХХ махсус бўлинмаси ходимлари бўлган. Беслан шаҳрининг расмий сайтидаги маълумотларга кўра ўшанда жароҳатланганлар 800 нафардан ошган ва улардан 72 нафар бола ва 69 нафар катта ёшдаги одамлар кейинчалик ногирон бўлиб қолган.

Фожиадан кейинги воқеалар

Терактдан кейин қурбонлар ва жабрланувчиларнинг ота-оналари «Беслан оналари» ташкилотини тузишган
Фото: Reuters

Террорчилар йўқ қилингандан бир кун ўтиб мамлакат президенти Владимир Путин Бесланга ташриф буюради. У энг аввал шифохонага бориб, у ердаги жароҳатланган беморлар ҳолидан хабар олади. Ундан сўнг тезкор штабда журналистларга интервью беради. Путин Бесландаги мактабни штурм билан эгаллаш режада бўлмаганини, барчаси табиий жараёнда содир бўлганинини айтади. Шунингдек, у тез кунларда давлатнинг яхлитлигини сақлаш учун мамлакат қонунчилигидаги бир қанча моддалар ўзгартирилишини айтади. Орадан кўп ўтмай, 13 сентябрда Путин ҳудудлар губернаторларини сайлаш тизимини бекор қилиб, уларни марказдан тайинлаш тизимини жорий қилиш ҳақидаги қарорни имзолайди. Бундан ташқари, Путин Москвага қайтганданоқ Шимолий Осетия Ички ишлар вазири Казбек Дзантиев ва ФХХнинг мазкур республикадаги раҳбари Валерий Андреевни ишдан бўшатади.

Фожиадан 3 кун ўтиб, 6-7 сентябрь кунлари Россияда мотам кунлари деб эълон қилинди.

Бесландаги вайрон бўлган 1-сонли мактаб ўрнига 2005 йил янги мактаб қуриб берилади. 1-мактаб эса ўша фожиадан ёдгорлик сифатида ҳануз вайрон бўлган ҳолида турибди. Фожиадан роппа-роса 1 йил ўтиб, 2005 йил 3 сентябрда фожиа қурбонларининг асосий қисми қабрга қўйилган Бесландаги қабристонлардан бирида уларга ёдгорлик ўрнатилади.

Беслан фожиасида Россия ҳукуматининг айбланиши

2004 йилнинг 1 сентябрида Бесландаги болалар боғчаларининг ярми таъмирлаш ишлари кечиккани туфайли ишламаётганди.
Шу туфайли оналар ёш болаларини ҳам мактабга олиб чиқишганди Фото: Reuters

Юқорида Бесландаги мактаб спорт залида иккита қаттиқ портлаш содир бўлиб, сўнг штурм билан қўлга киритилгани ҳақида айтилди. Ўшанда фарзанди гаровда қолаётган ота-оналар Шимолий Осетия раҳбарларидан ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидан мактабни штурм билан қўлга олмасликни, террорчилар билан музокара олиб боришни ва фарзандларини соғ-саломат қайтаришни талаб қилиб чиқишган эди. Шунингдек, Путин ҳам мактаб штурм билан олинмаслигини, балки террорчилар билан охирги умидгача музокара ўтказилишини ва гаровдагилар эсон-омон оилаларига қайтарилишини маълум қилган эди.

Амалда эса ҳаммаси бошқача бўлди. Россия ФХХ махсус бўлинмаси ва ҳарбийлар мактабни штурм билан эгаллайди. Оқибатда 333 нафар инсон ҳалок бўлди, қарийб 800 нафар киши турли даражада тан жароҳати олади. Ўшанда штурм натижасида 333 киши ҳалок бўлиши нафақат ўз яқинини йўқотганларни, балки бошқаларни ҳам жуда ғазаблантириб юборади. Кавказнинг турли шаҳарларида фожиадан бир неча кун ўтиб кенг кўламли намойишлар бошланиб кетади. Намойишга чиққанлар ҳукумат Бесландаги мактабда гаровга олинганларни музокара йўли билан ҳам озод қилиши мумкин бўлган ҳолда, кескин йўлни танлаб кўпчиликнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлгани учун танқид қилар эди.

Шунингдек, аксарият ота-оналар ҳукумат мактабда гаровга олинганлар сони 1200 нафардан ошишини аниқ билган ҳолда уларнинг сонини 354 нафар деб оммани чалғитгани учун ҳам айблашади. Уларнинг фикрига кўра, ҳукумат бошданоқ гаровдагилар сонини яширмай, уларнинг 1200 нафардан ошиқ эканини эълон қилганда одамлар мактаб штурм билан олинишига қаттиқ қаршилик кўрсатар эди.

Ўша пайтда аҳоли орасида «террорчилар катта партиядаги қурол-яроғни мактабга олиб кириб яшириб қўйган» деган гаплар ҳам тарқалади. Бу тахминда ҳам асос бўлиши мумкин, террорчилар мактабни эгаллаётган пайтда уларнинг қўлида унча кўп қурол бўлмаган. Ўзаро жангларда эса улар ҳаддан ташқари кўп қурол-яроғ ва ўқ-дори ишлатади. Аммо Россия бош прокуратураси Беслан фожиаси ҳақидаги хулосасида бу тахминни батамом рад этган.

Фожиадаги яна бир муҳим ҳодиса, мактаб спорт залида рўй берган иккита портлаш махсус хизмат ходимлари томонидан отилган миномёт туфайли юзага келган деган тахминни ҳам бош прокуратура рад этади. Ҳисоботда портлашлар террорчилар қўлидаги портловчи ускуналарнинг портлаши деб берилган. Аммо кейинчалик гаровда бўлганлар ташқаридан отилган снаряд ичкарида портлаганини маълум қилишган. Уларнинг фикрича, мактабни штурм қилиш бошланишидан олдин ичкарига снаряд отишган.

Мактаб биноси қамали 3 сентябрь куни якунланади. Операция шафқатсиз отишмалар ва бомбалар портлаши билан кечади.
Фото: Reuters

Кейинчалик, Бесландаги фожиада фарзандлари ҳалок бўлган оналар томонидан «Беслан оналари» ва «Беслан овози» нодавлат ташкилотлари тузилди. Бу ташкилотларга бошқа аёллар ҳам аъзо бўлиб киришди. Ушбу ташкилотлар тузилганидан бери Беслан фожиасида қурбонлар сонининг ошиб кетишида бир қатор мутасадди шахслар айбдор деб билади. Улар Россия бош прокуратурасидан ФХХнинг Шимолий Осетия бўйича раҳбари Валерий Андреев, ИИВ раҳбари Казбек Дзантиев ва республика раҳбари Александр Дзасоховни жиноий жавобгарликка тортиш талабини қўйган.

Россия прокуратураси Шимолий Осетия раҳбарлари устидан жиноий иш очишни рад этади. Шундан сўнг улар судга мурожат қилиб Россия бош прокуратураси чиқарган хулосани бекор қилишни ҳам сўрашади. Ўша пайтда бу даъво Владикавказ шаҳридаги Ленин тумани суди томонидан қаноатлантирилган. Россия бош прокуратураси эса Шимолий Осетия Олий судига Ленин тумани суди қарор чиқаришда жиноят-процессуал кодекс нормаларини бузгани ҳақида протест киритади.

«Беслан иши» бўйича судланганлар

Бесландаги мактабга ҳужум қилганлардан фақат бир нафари, Нурпаши Кулаев тириклайин қўлга туширилган. У дастлабки терговда гаровга олинганларга зўрлик ишлатмаганини, мактаб ошхонасида ўтирганини айтади. Кейинчалик, у билан юзлаштирилган гувоҳлар Кулаев ҳам террорчилар томонидан амалга оширилган зўравонликларда фаол равишда қатнашганини, болалар сув сўраганда уларни туртиб, ҳақорат қилганини, ёши каттароқларни эса қўлидаги қурол қўндоғи билан ургани ва жангларда қатнашганини айтиб беришади.

Кулаев жиноят кодексининг бир қанча моддалари бўйича айбдор деб топилади ва унга умрбод қамоқ жазоси берилади.

Шунингдек, Беслан фожиасида иккита туман ички ишлар ходимлари айбдор деб топилиб суд қилинади. Беслан шаҳри жойлашган Правобережний туман Ички ишлар бўлими ходимлари террорчиларнинг мактаб биносигача тўсиқсиз етиб келганига эътиборсизлик қилгани учун жавобгарликка тортилган.

Иккинчиси, Ингушетиянинг Малгобекский тумани ички ишлар ходимлари айнан шу туманда Бесландаги мактабга ҳужум қилган террорчиларнинг дала лагери жойлашганига етарлича эътибор бермаганликда айбланган. Шимолий Осетиядаги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ ингушетиялик ички ишлар ходимлари судда оқланишади. Шундан сўнг «Беслан оналари» ташкилоти суднинг қароридан норози бўлиб апелляция беради. Аммо Россия Олий суди қарорни ўзгаришсиз қолдиради.

Европа судига даъво аризалари

Бесландаги фожиада фарзандларини йўқотган жабрдийда ота-оналар Россиядаги суд жараёнларида натижага эриша олмагач, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожат қилишади. 2007 йилдан 2011 йилгача жами 400 нафар ота-она Европа судига бир неча марта даъво аризалари йўллашади. Уларнинг даъвосига кўра, Беслан воқеасида россиялик мутасаддилар Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясини бир қатор моддаларини бузган.

Кўп йиллик суриштирувлардан сўнг, 2017 йил 13 апрелда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди мазкур иш бўйича ўз қарорини эълон қилади. Унга кўра, Россия ҳукуматида террорчиларнинг Шимолий Кавказдаги объектларга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бўлган.

Шунингдек, Россия томони Бесландаги мактабни штурм қилишда танк пушкалари, гранатомёт ва огнемётлардан фойдаланиши қонунга зид бўлган деб топилади.

Шу тариқа, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди, Россия ҳукумати даъвогарларга маънавий зарар учун умумий 2 955 000 евро, уларнинг вакилларига 88 000 минг евро тўлаб бериши ҳақида қарор чиқаради.

Россия Адлия вазирлиги Европа судининг қарорини «асосга эга эмас» деб баҳолайди. Россия ҳукумати эса суднинг қарори бўйича апелляция беради. 2017 йил 19 сентябрда Европа суди ўз қарорини ўзгаришсиз қолдиради.

Беслан фожиаси ҳақида комиссиялар хулосалари

2004 йил 22 сентябрда Беслан фожиаси бўйича Парламент комиссияси тузилади. Шунингдек, Бош прокуратура ва Шимолий Осетия ҳукуматларининг хулосалари эълон қилинади. Уларнинг аксариятида Шимолий Осетия мутасаддилари йўл қўйган хатолар қайд этилади. Аммо фожиадан жабрланганларнинг фикрича, уларнинг барчаси ишни жуда юзаки ўрганган ва хулоса қуруқ гаплардан иборат бўлиб қолган. Масалан, ўша пайтда «Беслан ҳақиқати» сайти парламент комиссияси хулосасининг аксар қисми тергов материалларидан шундоқ кўчириб қўя қолингани ҳақида ҳам ёзиб чиқади.

Орадан бироз ўтиб, парламент комиссияси таркибида бўлган депутат Юрий Савельев парламент комиссияси томонидан тақдим этиган хулосага қўшилмайди ва ўз хулосасини эълон қилади.

Савельевнинг хулосасига кўра, террорчилар 25 нафар эмас, балки бундан икки баравар кўп бўлган. Шунингдек, спортзалда содир бўлган дастлабки иккита портлаш террорчилар қўлидаги бомбалар туфайли эмас, ташқаридан ФХХ махсус бўлинмаси томонидан бинони штурм қилиш учун термобар граната отилиши натижасида келиб чиққан. Бундан ташқари, Савельев спортзалда келиб чиққан ёнғин пайтида террорчиларнинг бир қисми қочиб чиқиб кетган ва яширинган деб ҳисоблайди. Ўшанда гаровда бўлганларнинг кўпчилиги Савельевнинг хулосаси ҳақиқатдан йироқ деб топади. Чунки, улар ичкарида террорчилар сонини тахминан кўришган ва берган гувоҳликларида уларнинг сони 20 нафардан ошиқроқ бўлганини айтишган. Савельев хулосасининг қолган қисмини ҳукумат мутасаддилари ишончсизга чиқаради.

Ҳодисанинг ОАВда ёритилиши

Беслан фожиаси ҳақида омма хабар топиши билан бу шаҳарга кўплаб журналистлар ва мухбирлар ошиқади. Аммо ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари кўпроқ танқидий руҳда материал берадиган ОАВ вакилларини Бесланга киритишмайди. Давлатга қарашли ОАВ вакиллари ҳам мактаб штурм билан олингунча ҳодиса жойига яқинлаштирилмайди. Танқидий материаллар берадиган ОАВ ходимлари мактаб штурм билан олингандан кейин ҳам ҳодиса жойига киритилмайди.

Кейинчалик, давлат нашрларида ишлаган айрим журналистлар ўшанда Бесланда ишлаган пайтларида ҳар бир олинган кадр ҳисоботини ФХХга бериб туришганини, мактабнинг ҳолатини тўлиқ кўрсатишга рухсат берилмаганини айтишган.

Умумий хулосалар

Беслан фожиасида қурбонлар сони камроқ бўлиши мумкинмиди? Кўпчилик мутахассислар Бесландаги ҳодисани кам қурбон эвазига бартараф этса ҳам бўларди деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, Россия ҳукумати ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари энг осон йўлни танлайди ҳамда бир ҳовуч террорчиларни йўқ қилиш учун юзлаб фуқаролар ҳалок бўлишига сабаб бўлишади. Кейинчалик гаровда бўлганларнинг ҳикоя қилишича, ўша куни мактабда ҳалок бўлган ва жароҳат олганларнинг қарийб барчаси штурмчилар томонидан отилган ўқлардан ҳалок бўлган, яраланган.

Мактабни қўлга олган террорчилар Шимолий Осетия раҳбари Александр Дзасохов, Ингушетия республикаси раҳбари Мурат Зязиков, Россия президенти маслаҳатчиси Асланбек Аслаханов ва болалар шифокори Леонид Рошаль (Бошқа версияга кўра Россия хавфсизлик кенгаши котиби, генерал-полковник Владимир Рушайло)ни талаб қилиб уларнинг ҳар бири учун 150 нафардан ўқувчини озод қилишини билдиради. Ўша пайтда террорчиларнинг ваъдасига ишониб бўлармиди? Кўпчиликнинг фикрига кўра ўшанда террорчиларнинг талабига кўниш ва таваккал қилиб бўлсада, 333 нафар қурбон бергунча тўрт нафар шахсни террорчиларга топшириш керак эди.

Беслан ҳақида ҳужжатли фильм

2019 йилда россиялик журналист Юрий Дудь «Беслан. Унутма» ҳужжатли фильмини омма эътиборига ҳавола қилди. Уч соатдан ошиқ давом этадиган ушбу фильмда у Беслан ҳодисасида бевосита иштирок этган жабрдийдалар, собиқ мутасаддилар ва бошқалар билан суҳбатлашиб улардан воқеалар тафсилотини суриштиради. Дудь билан суҳбатлашганлар ўшанда Бесланда содир бўлган воқеаларда ўзи гувоҳи бўлган ҳодисаларни қандай рўй бергани ҳақида гапириб беришади. Фильмда террорчилар томонидан суратга олинган видеотасвирлардан ҳам фойдаланилган. Шунингдек, фильмда ўша пайтда Россия телеканалларида Бесландан узатилган лавҳалар ҳам бор.

Россияда 1 сентябрь куни «Билимлар куни» сифатида нишонланади. Ота-оналар фарзандларини хурсанд бўлиб мактабга олиб боришади. Ўз тарихини унутмайдиган осетияликлар эса биринчи қўнғироқ куни Бесланда нима бўлганини қайғу билан эслашади.

Фожиа қурбонлари дафн этилган «Фаришталар шаҳри» қабристонида 
Фото: Reuters

Бугун Бесландаги 1-сонли мактаб биноси ўша пайтда қандай вайрон қилинган бўлса, ўша ҳолатда турибди. Ҳар йил 1-3 сентябрь кунлари у ерга минглаб инсонлар ташриф буюриб фожиа оқибатида ҳалок бўлганларни эслашади ва гуллар ҳамда ўйинчоқлар қўйиб кетишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид