Бугун совет даврини ёмонлайдиганлар ҳам, «гугурт бир тийин эди» деб мақтайдиганлар ҳам етарлича топилади. Бу давлатга баҳо берганда Габриэл Гарсия Маркеснинг машҳур гапи эсга тушади.

1957 йилда Москвада ўтказилган халқаро ёшлар ва талабалар фестивалига келган ёзувчи «Совет халқи ва ҳукуматининг бахти шундаки улар қанчалик ёмон яшаётганларини ўзлари билишмайди» дейди.

Ўшанда бу гапидан кейин Маркеснинг барча китоблари магазинлардан, кутубхоналардан йиғиштириб олинган дейишади.

1975 йилда Москвадаги муз саройида содир бўлган фожиа ҳам қайсидир маънода СССРда одамлар қандай яшаганини кўрсатиб беради.

Ўшанда канадалик хоккейчилар томошабинлар ўтирган трибунага сақичлар сочишади. Сақичлар учун талашган асосан ёшлардан иборат одамлар тиқилинчни юзага келтиришади ва бир-бирини босиб ўлдиради.

Фото: forum.b92.net

Ҳодисадан аввал

1975 йил бошида Канаданинг Онтарио провинциясидан «Barrie Coop» ўсмирлар хоккей жамоаси СССРга тенқурлари билан ўртоқлик учрашувларини ўтказиш учун келади.

Сафар давомида СССР ўсмирлар терма жамоаси ва «Спартак» билан иккитадан, «Криля советов» жамоси билан битта, жами бешта ўйин ўтказиш режа қилинган эди.

Жамоанинг сафарига АҚШнинг дунёга машҳур турли сақичлар ишлаб чиқарувчи Wrigley компанияси ҳомийлик қилади. (Orbit сақичларини ҳам шу компания ишлаб чиқаради)

Шартномага кўра компания канадалик хоккейчиларнинг ҳар бирига 15 килограммли қути тўла сақич беради. Хоккейчилар сафар давомида уларни бепул тарқатишлари керак эди. Канадаликлар делегациясида компания вакили ҳам бўлиб, унга сақичларнинг тарқатилишини назорат қилиш топширилганди.

Ўша пайтларда СССРда сақич ишлаб чиқарилмас, совет ўқувчилари учун хориж сақичлари ноёб нарса эди. Улар ҳатто Москва кўчаларида юрган чет эллик сайёҳлардан тортинмай сақич сўрашган.

Мактабларда ўқувчиларнинг сайёҳлардан сақич сўраб мамлакат обрўсини тўкишларининг олдини олиш учун чоралар кўрилган. Ўқувчиларга сақичларнинг зарари ва улар келтириб чиқарадиган касалликлар ҳақида тарбиявий дарслар ўтилган.