Жаҳон | 20:32 / 23.09.2020
5845
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ раҳбари коронавирус пандемияси вақтида ёлғон ахборот кўпайганидан огоҳлантирди

Дунёда коронавирус пандемияси тобора авж олаётган бир вақтда одамлар ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин бўлган ёлғон ахборот ва миш-мишлар ҳам кўпаймоқда. Бундан ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус огоҳлантириб ўтди.

Photo: Getty Images

“Дунёда коронавирус тарқалаётгани сайин у билан боғлиқ миш-мишлар, ёлғон ҳам кўпроқ тарқалмоқда. Бу ёлғон ахборот коронавируснинг ўзи каби хавфли бўлиши мумкин. Жуда кўп одамлар ёлғон ахборотга ишониб, ўзини заҳарли кимёвий моддалар ва хавфли дори воситалари билан даволашга уриниб ўзига зиён қилди”, деб таъкидлаб ўтди Гебрейесус БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида.

“Баъзи ҳолларда ёлғон маълумотлар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, алоҳида шахслар ёки миллий озчилик ёки қочқинлар каби заиф қатламларга нисбатан шафқатсизлик килинишига олиб келди”, деб қўшимча қилган ЖССТ раҳбари. 

Гебрейесуснинг таъкидлашича, ёлғон ахборот, шунингдек, “ёрдамга муҳтож одамларга кўмак кўрсатилишида тўсиқ бўлиб хизмат қилган янглиш фикрлар” ҳажмининг ошишига сабаб бўлди, “фан, соғлиқни сақлаш институтлари ва тизимларига ишончнинг йўқолишига” олиб келди. Гебрейесуснинг айтишича, “ваҳоланки, ишонч ва бирдамлик” коронавирусга қарши курашда муҳим омиллар ҳисобланади. “Ишончга путур етказувчи барча нарса одамлар ҳаётини хавф остига қўяди”, деб таъкидлаб ўтган ЖССТ раҳбари.

Мавзуга оид