Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавирус: Исроилда карантин кучайтирилмоқда, Европада такрорий локдаундан қочиш учун сўнгги имкон
Коронавируснинг дунёга тарқалиши билан боғлиқ вазият ёмонлашишда давом этмоқда. Исроилда пандемия бошлангандан бери мамлакат бўйича жорий этилган иккинчи локдаун қоидалари кучаймоқда, Франциянинг Марсел шаҳри бар ва ресторанларни ёпмоқда, қатор давлатларда касалланиш бўйича янги кунлик рекордлар қайд этилмоқда. Карантин туфайли Британия монархияси катта йўқотишларга дучор бўлди.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёнинг барча мамлакатларида ушбу касалликка чалинганларнинг умумий сони 32,5 миллион кишини ташкил этмоқда, 990 мингдан ортиқ бемор вафот этган. Пандемия пайтида 22,2 миллион киши вирусни енгишга улгурди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху янги чораларни эълон қилар экан, мамлакат «тубсизлик ёқасида» эканлигини айтди.
Кнессет томонидан ҳали тасдиқланмаган қатъий карантин ҳаракатланишга доир қўшимча чекловларни ўз ичига олади; Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, фаолияти ҳаёт учун муҳим бўлмаган барча муассаса ва компаниялар ҳам ёпилади. Синагоглар яҳудийларнинг асосий байрами бўлган Йом-Кипура муносабати билан келаси ҳафта фақат кичик гуруҳлар учун очиқ бўлади. Ҳар қандай норозилик ҳаракатларининг доираси ҳам чекланган.
Аҳолиси тахминан 8,6 миллион кишини ташкил этадиган Исроилда касалланишнинг кунлик ўсиш суръати 8 мингдан ошгандан сўнг, янги чоралар кўришга қарор қилинди. Бу аҳоли жон бошига касалланиш даражаси бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Пандемия бошланганидан буён Исроилда Covid-19 юқтириш билан боғлиқ 206 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилган, 1335 киши вафот этган.
Баҳорда, Исроил пандемияга энг самарали жавоб қайтара олган мамлакатлар қаторига кирганди - расмийлар тезкорлик билан қатъий чоралар кўриб, ўлим ҳолатлари сонини минималлаштиришга муваффақ бўлишганди. Бироқ май ойида чекловлар бекор қилингач вазият назоратдан чиқиб кетди.
«Европада карантиндан қочиш учун сўнгги имкон»

Европа учун пандемияда ҳал қилувчи палла етиб келди, дейди Европа Иттифоқининг соғлиқни сақлаш комиссари Стелла Кириакидис.
«Коронавирусдан касалланиш ва ўлим ҳолатлари баҳордаги кўрсаткичларга яқинлашмоқда ва биз яна умуммиллий локдаун ёқасига келдик. Лекин ЕИ давлатлари ҳукуматлари бунинг олдини олиши мумкин», деб ҳисоблайди у.
«Эҳтимол бу кунлар биз баҳордаги ҳолат такрорланишидан қочиб қутулишимиз учун сўнгги имкондир. Иттифоққа аъзо бўлган барча давлатлар ўз вақтида ва тезкор чеклов чоралари жорий этишга тайёр туришлари лозим», дея қўшимча қилган у.
Европада пандемиянинг иккинчи тўлқини бошланмоқда. Кўплаб давлатлар ҳукуматлари нисбатан енгил чеклов чораларини қайтаришга мажбур бўлишмоқда, лекин кўпчилик мартдаги каби қатъий локдаун эълон қилишга шошилмаяпти.
Британия: рекорд рақамлар
Британияда касалланиш ҳолатлари ўсиши давом этмоқда. Сўнгги бир кунда 6874та янги ҳолат аниқланган - бу икки кун олдингидан қарийб 700тага кўп.
Бу Британияда пандемия давридаги энг юқори кунлик ўсишдир, аммо BBC нашрининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича корреспонденти Ник Тригглнинг ишонч билдиришича, Британияда пандемиянинг илк даврида берилган расмий рақамлар ҳақиқий ҳолатга мос бўлмаган.
«Баҳорда, падемия чўққисида бизда тест қилиш имкониятлари чекланганди, фақат шифохонага келган беморлар тестдан ўтказилган», дея қайд этади Триггл.
«Сигналлар мутлақо аниқ. Барча ёш тоифаларида мусбат тестлар улуши ортмоқда, биз шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларига ётқизилаётган беморлар сони кескин ўсишини кузатмоқдамиз. Бу ҳар биримиз учун огоҳлантиришдир», дейди Англия жамоат соғлигини сақлаш хизмати директори Ивон Дойл.
Касалланиш ҳолатлари ўсиши туфайли Британиядаги супермаркет тармоқларида яна айрим маҳсулотлар сотувида чекловлар жорий этилди - карантин қайтиб ажиотаж бўлиб кетмаслиги учун зарур буюмлар, масалан, ҳожатхона қоғози ва зарарсизлантирувчи гель фақат маълум миқдорда сотиб олиниши мумкин. Баҳорда шу ва бошқа маҳсулотлар, хусусан, тухум, макарон маҳсулотларига талаб кескин ошиб кетганди. Ҳозирда омборхоналарда бундай маҳсулотлар захираси етарли миқдорда бўлсада, савдо нуқталари маъмуриятлари эҳтиёткорлик чоралари кўришмоқда.
Франция: фавқулодда вазият
Францияда ҳам пайшанба ва жума кунлари Британиядаги каби кунлик ўсиш бўйича янги рекорд кўрсаткичлар қайд этилди - Франция соғлиқни сақлаш вазирлиги 16 мингдан ортиқ янги ҳолатлар ҳақида эълон қилди.
Бош вазир Жан Кастекс шошилинч чоралар қўлланмаса, мамлакатдаги эпидемиологик вазият март ойидаги ҳолатига қайтиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Бу фавқулодда вазият. Жамоатчилик диққатини йўқотмаслиги керак. Агар биз ҳаракатсизлик қилсак, баҳордагига ўхшаш ҳолатга тушамиз», деган у France 2 телеканалига берган интервьюсида.
Франциянинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Марселнинг кўплаб аҳолиси коронавируснинг янги авж олиши муносабати билан шанба кунидан бошлаб бар ва ресторанларни ёпиш тўғрисидаги ҳукумат қароридан ғазабланмоқда.
Икки ҳафта давом этувчи янги чоралар жорий қилиниши жума куни юзлаб маҳаллий аҳолини жалб қилган норозиликни келтириб чиқарди.
Марсель шаҳри мэри Мишель Рубироланинг айтишича, янги карантин тўғрисида қарор Парижда қабул қилинган ва ҳукумат шаҳар маъмурлари билан маслаҳатлашмаган. «Ҳеч ким Марсел мэрлиги билан маслаҳатлашмаган. Эпидемиологик вазият бу каби чораларни умуман оқламайди. Мен Марсел аҳолиси ҳеч ким тушунмайдиган сиёсий қарорлар қурбонига айланишига йўл қўймайман», деди у твиттерда.
Парижда ҳам кучайтирилган карантин чоралари жорий этилди, аммо чекловлар Марселдагига қараганда бироз енгилроқ. Мамлакат пойтахтида бар ва ресторанлар кечки соат 10дан кечиктирмасдан ёпилиши керак, машғулот заллари ва спорт марказлари ҳам иш фаолиятини тўхтатади.
Ўтган ҳафта Францияда Covid-19'дан зарарланиш билан боғлиқ қарийб 67 минг ҳолат қайд этилган, бу ундан аввалги ҳафтага нисбатан 8 фоизга кўп. Шу билан бирга, бир ҳафта ичида шифохона ва қариялар уйларида коронавирусдан 332 киши вафот этди, бу ҳам аввалги етти кунликка нисбатан 25 фоизга кўп. Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларида, жумладан, интенсив терапияга муҳтож беморлар сони ўсишда давом этмоқда. Ҳозирда Франциядаги шифохоналарнинг алоҳида интенсив терапия бўлимларида мингдан ортиқ оғир аҳволдаги бемор бор. Сўнгги бир кунда 150 киши касаллик қурбони бўлди.
Қиролича зарарга киряпти, аммо дош беришни ваъда қилмоқда
Монархнинг шахсий ҳамёнини сақловчи сэр Майкл Стивенснинг сўзларига кўра, коронавирус Буюк Британия қироличаси Елизавета II'нинг маблағларига катта зарар етказиши мумкин. Сэр Майклнинг сўзларига кўра, Букингем саройи ва Виндзор қасри каби диққатга сазовор масканларга саёҳатчилар оқимининг камайиши уч йил ичида 35 миллион фунт камомадга олиб келади.
Шу билан бирга, қироллик оиласи ушбу қийинчиликларга сабр-тоқат билан дош беришни ва давлат хазинасидан қўшимча маблағ сўрамасликни ният қилмоқда. «Биз коронавирус билан боғлиқ молиявий қийинчиликларни тежамкорлик ва ўз тиришқоқлигимиз билан бартараф этамиз», деди у.
Апрель ойида барча қирол хизматчиларининг иш ҳақи музлатиб қўйилган, бўш иш ўринлари тўлдирилмаган, аммо улар ўз маблағлари ҳисобидан мажбурий таътилсиз ишлашга муваффақ бўлишган.
Бошқа давлатларда аҳвол қандай?
Покистонда коронавирус туфайли жорий этилган чекловлар бекор қилиниши баробарида мактабларнинг катта синфлари ўқувчилари учун дарслар бошланди. Боғчалар ва бошланғич синфлар ўқувчилари учун дарслар сентябрь ойи охирида тикланиши кутилмоқда.
Покистонда июль ойи охиридан буён эпидемиологик вазият барқарор сақланиб қолмоқда - ҳозиргача 309 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган, 6,4 минг киши вафот этган. Сўнгги кунлар давомида кунлик касалланиш ҳолатлари сони 500-600 атрофида бўлмоқда.
Словакияда касалланиш бўйича кунлик янги рекорд қайд этилди - 419та ҳолат. Пандемия бошланганидан буён ушбу мамлакатда Европадаги коронавирусдан ўлим кўрсаткичлари бўйича энг паст кўрсаткич кузатилмоқда, аммо иккинчи тўлқин бу статистикани ўзгартириши мумкин.
Польшада кетма-кет иккинчи кун коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича рекорд янгиланмоқда, 1587та янги ҳолат қайд этилди, бу март ойидан бери энг юқори кунлик кўрсаткич. Умуман олганда, мамлакатда аллақачон 84 мингдан ортиқ юқтириш ҳолатлари ва 2392та ўлим ҳолати рўйхатга олинган. Шу муносабат билан Польша расмийлари янги чеклов чораларини жорий этиш имкониятини кўриб чиқишмоқда.
«Бу бизнинг нормал ҳаётга қайтишимиз натижасидир. Беморлар сони ўсишда давом этишини истисно қилмаймиз», дея шикоят қилади мамлакат соғлиқни сақлаш вазири.
Шу билан бирга, Польша бош вазири Матеуш Моравецкий июль ойидаёқ инфекциядан зарарланиш хавфини бўрттирмасликни маслаҳат бериб, аҳолини, унинг сўзларига кўра, «худди бошқа касалликлар каби» бўлган коронавирус туфайли президентлик сайловларида овоз беришдан тийилмасликка чақирган.
Ҳиндистонда коронавирусга чалинган беморлар сони мамлакатда ўтган кун давомида 86 мингдан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилгандан сўнг 5,82 миллион кишига етди. Шу вақт ичида у ерда Covid-19'дан 1141 киши вафот этган. Аммо мамлакатда ўлим даражаси нисбатан паст даражада сақланиб қолмоқда - барча юқтирганлар сонининг 1,6 фоизидан ошмайди.
Умуман олганда, инфекция тарқалиши бўйича Ҳиндистон 7 милллион беморни рўйхатга олган АҚШдан кейинги иккинчи ўринда.
Мавзуга оид
18:32 / 08.06.2026
Сунъий интеллект яратган вакцина одамларда муваффақиятли синаб кўрилди
14:28 / 17.12.2020
Токиода пандемия бошланганидан бери биринчи марта энг юқори хатар даражаси эълон қилинди
23:56 / 16.12.2020
Майк Помпео карантинга кетди
19:11 / 16.12.2020