Ўзбекистон | 08:46 / 25.09.2020
5424
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишининг миллий стратегия концепцияси тасдиқланади

Аҳолининг турли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини халқаро стандартларга мувофиқ ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштириш мақсад қилинган.

Президентнинг “2021 — 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишининг миллий стратегия концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегия концепцияси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) тараққиёт дастури, БМТ болалар фонди (ЮНИСЕФ), Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ва Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги делегацияси (ЕИ делегацияси) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишининг миллий стратегия концепциясини амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши таркиби тасдиқланади.

Қуйидагилар Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
      
давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизимини баҳолаш ва мониторинг қилиш учун инструментларни аниқлаш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, статистик маълумотларнинг сифатини яхшилаш ва очиқлигини таъминлаш,
   
ижтимоий нафақаларнинг миқдорларини белгилашдаги мезонларни қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартларга асосланган ва миллий менталитет, аҳоли турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий ҳимоя минимал даражасини аниқлаш;
  
ижтимоий нафақа тайинлашдаги мезонларни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича таклифлар киритиш;
   
кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва болалари бўлган оилаларга нафақаларнинг структураси сифатини ошириш, даромади паст аҳоли қатламини аниқлаш мезонларини кўриб чиқиб очиқ ва адолатли тизимни яратиш;
     
ижтимоий хизматлар кўрсатиш механизмларини интеграция қилиш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимини функцияларини янада кенгайтириш; 
  
камбағалликни қисқартириш ва инсон капиталини ривожлантириш дастурларини ўзаро мувофиқлаштириш;
    
аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурларини самарадорлигини ошириш, меҳнат бозорини активлаш бўйича дастурларни ўзаро мувофиқлаштириш, ва меҳнатга лаёқатли аҳолини қўллаб қувватлаш;
     
болалар, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга ижтимоий ёрдамни етказиш тартиби ва тизимини қайта кўриб чиқиш ва мукаммаллаштириш.
        
Қуйидагилар:
     
2021 — 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишининг миллий стратегия концепцияси;
     
2021 — 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишининг миллий стратегия концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 апрелгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига 2021 — 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид