Жаҳон | 09:43 / 27.09.2020
5865
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Жанубдан денгиз чегараларини бузмасликни талаб қилди

Шимолий Корея Сеулдан жанубий кореялик амалдор жасадини қидиришда денгиз чегараларини бузишга йўл қўйиб бўлмасликдан огоҳлантирди. Жанублик амалдор 21 сентябрда бедарак йўқолганди. Кейинроқ Пхеньянда у денгиз ҳудудини рухсатсиз кесиб ўтгани, чегарачиларнинг огоҳлантиришларига жавоб бермагани, сўнгра яширинишга уриниш вақтида ўлдирилгани маълум қилинган.

Фото: AP

Пхеньян Жанубдан демаркация чизиғини бузишни дарҳол тўхтатишга чақирган, йўқса бу кескинликка олиб келиши мумкин. Шимол маълумотларига кўра, Жанубий Корея амалдорни қидириш учун кўплаб, жумладан ҳарбий кемаларни сафарбар этган.         

Пхеньянда таъкидланишича, Шимолий Корея жанублик амалдор жасадини қидириш бўйича ўз қидирув операциясини ташкиллаштирмоқчи ва жасад аниқлангудек бўлса, уни Жанубга бериш йўлларини кўриб чиқмоқда.

Аввалроқ Жанубий Кореянинг денгиз ва балиқчилик хўжалиги вазирлиги ходими Шимолий Кореяга қочмоқчи бўлгани, бироқ бунга уриниш вақтида шимоллик чегарачилар томонидан ўлдирилгани маълум бўлганди. Жанубий Кореяда ушбу ҳаракатлар қораланиб, “ўта шафқатсизлик” деб аталган ва Пхеньяндан тушунтириш бериш сўралган. Кейинроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин амалдорнинг ўлдирилиши учун Жанубий Корея халқидан узр сўраган. Унинг таъкидлашича, чегарани бузган жанублик яширинишга уринганда чегарачилар томонидан отиб ўлдирилган. Бироқ аввал таъкидлангандек, жанублик амалдорнинг жасади эмас, балки у бўлган қайиқ ёқиб юборилган. Бу ҳаракатлар мамлакатга коронавируснинг киришига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилган.

Мавзуга оид