Жаҳон | 23:43 / 29.09.2020
13540
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги чиқиши жаҳон матбуоти нигоҳида

Жаҳон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги чиқишига бағишланган мақолалар эълон қилинмоқда. Уларда мамлакатда Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар тилга олинган.

Жумладан, «Cumhuriet» (Туркия) газетасининг 26 сентябрь кунги сонида чоп этилган «Ўзбекистоннинг мурожаати ва Туркия» деб номланган мақолада шундай дейилади:

«Биринчи даражага чиққан етакчилар пайдо бўлди. улардан бири – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари илк марта рус ёки инглиз тилида эмас, она тили, ўзбек тилида мурожаат қилди. Бу жуда муҳим эди. Нутқ мазмунли бўлди. Мени илгари сурилган таклифларнинг аниқ ва мазмунли эканлиги ҳайратга солди.

Ўзбекистон раҳбари Мирзиёев ўз хислатлари ва амалий фаолияти билан буюк йўлбошчимиз – Мустафа Камол Отатуркни эслатади.

У тил ва маданиятга синчковлик билан ёндашади. У ўзбек тилини давлат муассасалари, ижтимоий соҳа ва кундалик турмушда ягона расмий тил сифатида қабул қилади. Миллий мустақилликка чин юракдан эътибор қаратади. Уни минтақавий ташқи сиёсат ўйлантиради. У қўшни мамлакатлар билан сиёсий ва савдо муносабатларини ривожлантирмоқда.

У ўз мамлакатини ёш авлодга эга бўлган ривожланаётган бозор, муҳим энергетик йўналиш сифатида олдинга олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда», деб ёзади мақола муаллифи.

Испаниянинг «Galicia Digital»  нашрида 25 сентябрь куни эълон қилинган мақолада «Янги Ўзбекистоннинг ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти учун қизиқарли ва долзарбдир» сарлавҳали мақола муаллифи эса шундай фикр билдиради:

«Жаноб Ш.М. Мирзиёевнинг чиқишини тинглар эканман, Ўзбекистон раҳбарининг энг долзарб ва муҳим халқаро масалаларга нисбатан концептуал ёндашуви ва уларни ҳал қилиш бўйича таклифлари тўғрисидаги фикрларим билан бўлишиш зарурлигини тушундим.  

Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон ва унинг президенти Ш.М. Мирзиёев – қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга интилаётган дунёнинг қолган ривожланаётган мамлакатлари учун намуна ҳисобланади. 

Қайд этиш жоиз, Ш.М. Мирзиёев нафақат замонамизнинг долзарб масалалари тўғрисида фикр юритади, балки келажакка ҳам чуқур нигоҳ билан боқади: зеро ёшларга ғамхўрлик – гўзал ва фаровон келажагимиз учун ютқазилмайдиган инвестиция. 

Ш.М. Мирзиёев дунё етакчиларини бу ҳақда ўйлашга, бу йўналишда биргаликда ҳаракат қилишга ва ёш авлод учун муносиб келажакни таъминлашга чақиради».

«Блумберг-Туркия» (Туркия) ҳам Ўзбекистон президентининг БМТ минбаридаги чиқиши борасида экспертлар фикрини тақдим этган.

Ўзгат-Бозок университетининг иқтисодий ва бошқарув билимлари факультети декани Куршад Зорлу президент Мирзиёевнинг мурожаатини бутун Марказий Осиё ва Туркия учун жуда муҳим деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, БМТда ўзбек тилида янграган нутқ – бу миллий илдизларга берилган урғу, аммо бунга миллатчилик ифодаси ва қўшни мамлакатлар билан муносабатларнинг эҳтимолий ёмонлашуви сифатида қаралмаслиги керак.

Аксинча, мамлакатнинг аввалги президент даврида тушиб қолган ўз-ўзини изоляция қилишдан чиқиши ҳозирги президентнинг ҳокимият тепасига келишига боғлиқ.

Охирги тўрт йилда қўшни туркий тилли давлатлар билан мустаҳкам алоқаларнинг йўлга қўйилиши бунинг яққол исботидир. Аммо расмий Тошкент нафақат қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда, балки бутун жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашиш борасида муҳим қадамларни қўймоқда.

Анқаралик яна бир таҳлилчи – «Sahipkiran» стратегик тадқиқотлар маркази директори ўринбосари Жасурхон Тошнинг фикрича, «Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев билан биргаликда ташқи дунёга очилаётган, минтақавий вазиятларга сезгирлик билан жавоб қайтарадиган ва глобал муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этадиган давлат сифатида олдинги ўринга чиқмоқда».

Унинг таъкидлашича, президент Мирзиёев 2017 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида бешта халқаро ташаббусни илгари сурган ва ҳозирда уларнинг барчаси амалга оширилмоқда.

Масалан, Ўзбекистоннинг ташаббуслари доирасида Марказий Осиёнинг барча беш мамлакати раҳбарлари юқори даражадаги маслаҳатлашув учрашувларини мунтазам ўтказа бошлади. Яна бир мисол  – БМТда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон 2018 йилда Тошкентда Афғонистон бўйича йирик халқаро анжуман ўтказди.

Мавзуга оид