Ўзбекистон | 11:03 / 30.09.2020
7274
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон: «Асосийси – муносабатларнинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш»

Ўзбекистон бош вазири Тожикистон президенти билан учрашди.

29 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўртасидаги учрашувда ўзбек-тожик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

Имомали Раҳмон Душанбеда бўлиб ўтган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия иши натижалари икки томоннинг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига ишонч билдирган.

Шунингдек, у сўнгги кунларда ўтказилган учрашувлар ўзаро ҳамкорлик ўсиб бораётганидан дарак беришини қайд этиб ўтган.

Хусусан, Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси Душанбеда тожикистонлик парламентарийлар билан учрашган, ўзаро ҳамкорликда илмий-амалий конференция ташкил этилган, Душанбеда икки мамлакат ижодкор зиёлилари учрашуви уюштирилган, Ўзбекистон делегацияси Саразм шаҳрининг 5500 йиллиги тадбирларида иштирок этган. Бундан ташқари, Сўғд вилоятининг Спитамен туманида Ўзбекистон томонидан 630 ўқувчига мўлжалланган умумий ўрта таълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди, шунингдек, Душанбе шаҳрида 60 миллион доллар эвазига замонавий электр техника ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Artel Avesto Electronics» ўзбек-тожик қўшма корхонаси барпо этилди.

Томонлар коронавирус тарқалиш хавфини ҳисобга олган ҳолда жаҳон иқтисодиётидаги инқирознинг икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар динамикасига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш учун зарар чоралар кўриш тарафдори эканликларини қайд этишди.

Шу нуқтайи назардан, савдо тузилмасини янада диверсификация қилиш ҳамда савдо-сотиқ соҳасидаги тўсиқларни бартараф этиш, савдо уйлари, ваколатхоналар ва компанияларнинг филиалларини очиш бўйича ишларни давом эттириш, икки мамлакат ўртасидаги сармоявий ҳамкорликнинг салоҳиятидан тўла фойдаланиш муҳимлиги ҳақида гап борган.

Гидроэнергетика ва янги йўл инфратузилмаларини қуриш соҳалари ҳамкорликнинг бошқа истиқболли йўналишлари сифатида белгилаб олинган.

Мавзуга оид