Низомий номидаги университет: "Суд томонидан ишга тикланган ходимга Хўжайли туманида иш таклиф қилинган"
Kun.uz сайтида МИБ матбуот хизмати томонидан тақдим қилинган “Низомий номидаги университетдан собиқ ходимга 37,7 млн сўм ундирилди” номли хабар эълон қилинган, унда университетнинг собиқ ходимига 37 700 000 сўм пул маблағлари қарздор ОТМдан ундирилиб, фуқаронинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилгани билдирилганди. Учтепа туманлараро судининг собиқ ходимни Тошкент давлат педагогика университетига аввалги эгаллаб турган кафедра мудири лавозимига ёки университетдаги унга тенг бошқа лавозимга ишга тиклаш тўғрисида ажрим ҳам келиб тушгани хабар қилинганди.
Мазкур масала юзасидан Низомий номидаги университет ўз муносабатини билдирди:
“Собиқ ходимни ишга тиклаш мақоласи бўйича Тошкент давлат педагогика университети томонидан муносабат: Жорий йилнинг 29 сентябрь куни МИБ Чилонзор тумани бўлими томонидан Тошкент давлат педагогика университетига Учтепа туманлараро судининг фуқаро Ш.Раҳимовани аввалги эгаллаб турган кафедра мудири лавозимига ёки университетдаги унга тенг бошқа лавозимга ишга тиклаш тўғрисида ажрим келиб тушганлиги ҳамда қарздор ОТМга ушбу ажримнинг ижросини таъминлашни сўраб хат берилганлиги ҳақида мақола эълон қилинган. Бироқ қарздор ОТМ томонидан ушбу ижро ҳужжатини ижроси таъминланмаганлиги келтирилган.
Маълум қиламизки, Тошкент давлат педагогика университети томонидан даъвогар Ш.Раҳимовани аввал эгаллаб турган кафедра мудири лавозими ёки университет тизимида унга тенг бошқа лавозим билан ишга тиклаш тўғрисидаги суднинг ижро ҳужжати амалга оширилган. Ушбу ҳолат тўғрисида университет томонидан Чилонзор тумани МИБ бўлимига бир неча бора расмий хат юборилган.
Ҳозирги пайтда университет ректорининг 2020 йил 10 августдаги буйруғига асосан мазкур кафедра мудири сифатида илмий даражага эга бўлган И.Ильхамова фаолият олиб боради. Айни дамда университетнинг ўзида ушбу лавозимга тенг бўш жойлар мавжуд эмаслиги сабабли, Ш.Раҳимова Тошкент давлат педагогика университетининг Хўжайли хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми директорининг ўринбосари этиб тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сонли “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан Хўжайли хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми Тошкент давлат педагогика университети тасарруфига берилган ва техникум унинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу лавозим ойлик иш ҳақи ва мавқеи жиҳатдан университет кафедра мудири лавозимига тенг ҳисобланади.
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2020 йил 20 августдаги ҳал қилув қарорида ва унга тушунтириш бериш тўғрисидаги 2020 йил 3 сентябрдаги Ажримида Ш.Раҳимовани университетнинг Тошкент шаҳрида жойлашган структураларида кафедра мудирига тенг лавозимга ишга тиклаш кўрсатилмаган.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2020 йил 20 августдаги ҳал қилув қарорига фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритилган. Аппеляция шикоятини кўриш фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 2020 йил октябрь ойида бўлиб ўтиши белгиланган. Ушбу ҳолат бўйича университет масъуллари томонидан Чилонзор тумани МИБ бўлимига маълумот берилган”, – дейилади Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети расмий муносабатида.
Мавзуга оид
22:09 / 24.06.2022
Педагогик таълим бўйича қарорлар: нималар ўзгаряпти?
16:10 / 07.06.2022
ТДПУнинг собиқ декан ўринбосари номусга тегиш бўйича айбсиз деб топилди
15:56 / 02.06.2022
2021 йилда энг кўп даромад ва зарар кўрган ОТМлар маълум қилинди
08:29 / 29.03.2022