Жамият | 23:59 / 30.09.2020
9518
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда туман депутатлигига сайланишда ёрдам бериш учун 3000 доллар сўраган депутат қўлга олинди

Тошкент шаҳрида Халқ депутатлари туман кенгашларидан бирининг депутати бўшаб қолган жойлар учун туман кенгаши депутатлигига сайланишда ёрдам беришни ваъда қилиб, бир фуқародан 3000 доллар сўраган. Мазкур депутат аванс сифатида 1500 доллар олган вақтида қўлга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкент шаҳри, Сирдарё, Андижон, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида депутатликка сайлаш, иш ва ўқишга жойлаштириш, пахта теримини ташкил қилиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ҳақида маълумот берди.

Тошкент шаҳрида Халқ депутатлари туман кенгашларидан бирининг депутати бўшаб қолган жойлар учун туман кенгаши депутатлигига сайланишда ёрдам беришни ваъда қилиб, бу ўринга талабгор шахсдан 3000 доллар сўраган. Мазкур депутат аванс сифатида 1500 доллар олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Шунингдек, Сирдарё вилояти Боёвут туманида истиқомат қилувчи, ҳозирда ҳеч қаерда ишламайдиган 18 ёшли фуқаро Гулистон шаҳрида яшовчи ўзининг 17 ёшли жиноий шериги билан бирга бир фуқаронинг ишончига кириб, уни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида жойлашган М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг учун жиноий шериклар 2000 доллар олган вақтда ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Қирғизистоннинг Ўш давлат университети тиббиёт факультетига ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 23 ёшли фуқаро 1350 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Самарқанд вилояти Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходими 1200 доллар эвазига туман тиббиёт бирлашмасига фаррошликка ишга киришида ёрдам беришини айтган. Марказий поликлиника ходими дастлаб 400 доллар олган. Орадан бир оз муддат ўтиб, поликлиника ходими яна 800 доллар олаётган вақтида қўлга олинган.

Жиззах вилояти Бахмал туманида икки марта судланган фуқаро маҳаллий фермер хўжаликларидан бирининг раҳбаридан 2020 йилги пахта теримига хўжалик номидан ўзи ёлланма ишчиларни топиб, жўнатиб беришни айтиб, бунинг учун 6 миллион сўм талаб қилган. Судланган фуқаро агар фермер ушбу пулни бермаса, у ҳокимиятда ишлайдиган танишлари орқали мазкур фермер хўжалиги ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилган. Айтилган пулдан 5 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид