Жаҳон | 23:55 / 01.10.2020
9454
8 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Мадрид шошилинч карантинга қайтмоқда, Швейцарияда эса айрим чекловлар ечилмоқда

Мадридда коронавирус тарқалиши муносабати билан янги карантин чекловлари жорий этилмоқда, аммо шаҳар ҳокимияти бунга қарши чиқяпти. Айни пайтда Швейцария оммавий тадбирларни ўтказишга рухсат бермоқда, олимлар эса Буюк Британияда Covid-19 тарқалиши даражаси секинлашганини таъкидлаяпти. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда Covid-19 билан касалланганларнинг умумий сони 34 миллиондан ортиқни ташкил этади, 1 миллионга яқин киши вафот этган ва пандемия бошланганидан буён 23,6 миллион киши касалликдан тузалган. 

48 соат ичида карантинга олинади
Испания ҳукумати Мадрид ва унинг атрофидаги тўққиз шаҳарнинг маҳаллий ҳокимият органларига карантин чораларини жорий этиш учун 48 соат муҳлат берди. 

Испанияда Covid-19 инфекциясидан зарарланишнинг янги ҳолатлари кўпаймоқда: сўнгги икки ҳафта ичида мамлакатда 133 мингдан ортиқ кишига ташхис қўйилган, бу ҳолатларнинг учдан бир қисмидан ортиғи пойтахтда аниқланган. 

Аюсонинг ўзи ниқоб тақади, аммо қатъий карантинга қарши / EUROPA PRESS NEWS

Испания ҳукумати томонидан эълон қилинган янги чоралар шуни талаб қиладики, Мадрид ва қўшни шаҳарлар аҳолиси ҳудудлар ўртасида заруратсиз ҳаракатлана олмайди. Фақатгина иш жойига, таълим муассасаларига бориш, шунингдек, шифокорга ёки қаровга муҳтож қариндошларникига ташриф буюришга рухсат берилади. Бундан ташқари, олти нафардан ортиқ киши гуруҳ бўлиб йиғилиши тақиқланади.

Бироқ, мухолифатдаги консерватив партиялар томонидан назорат қилинадиган минтақа ҳукумати чекловлар қўйилишига қарши. 

Мадрид автоном ҳамжамияти раиси Исабель Диас Аюсо карантин учун овоз берган Минтақалараро соғлиқни сақлаш кенгаши «ҳеч нарсани тақиқлаш ҳуқуқига эга эмаслиги»ни айтди ва ушбу қарор устидан судга шикоят қилишга ваъда берди. Бироқ, у ҳукумат қарори бекор қилинмагунча бажарилиши кераклигини тан олди.

Швейцария минглаб одамлар йиғилишига рухсат берди
Швейцарияда 1 октябрдан бошлаб  спорт ва маданий тадбирларда бир вақтнинг ўзида 1000дан ортиқ одам қатнашишига рухсат берилди. Бунинг зарурий шарти гигиена қоидалари ва ижтимоий масофа сақлашга қатъий риоя қилишдир.

Шу билан бирга, қоидалар қатъий бўлиб қолмоқда. Масалан, стадионлар трибуналарининг фақат учдан икки қисми тўлиши мумкин, томошабинлар ниқобда бўлишлари шарт ва уларга тик туриш тақиқланади.

Маҳаллий ҳокимият органлари катта хавф туғдириши мумкин деб топилган ҳар қандай тадбирни тақиқлаш ҳуқуқига эга. 

Швейцарияда коронавирус билан касалланганлар сони ўсишда давом этмоқда, шунинг учун баъзи маҳаллий мутахассислар оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича чекловларнинг қисман олиб ташланишига қарши чиқишди. 

Британияда Covid-19 тарқалиши секинлашди
Лондон Империал коллежининг янги тадқиқотларига кўра, Британияда Covid-19 тарқалиши секинлашмоқда. Олимларнинг хулосаларига кўра, битта вирус ташувчиси қанча одамга юқтириши мумкинлигини аниқловчи асосий R индекслари пасайган ва бунга ҳукумат томонидан яқинда киритилган янги чеклов чоралари ёрдам берган. 

Хусусан, Англия ва Буюк Британиянинг бошқа қисмларида ҳам қовоқхона ва ресторанлар эндиликда соат 22:00дан кечиктирмай ёпилади, одамлар олти кишидан кўп бўлиб йиғилиши тақиқланади, дўкон ва ресторанлар ишчилари ниқоб тақиши мажбурий.

Лондон Империал коллежи профессори Пол Эллиот BBC'га берган интервьюсида инфекция тарқалиш даражаси аста-секин пасайишни бошлаганини айтди: «Бутун аҳоли ва ҳар бир инсон барча тавсияларга: ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни яхшилаб ювиш, ниқобдан фойдаланиш ва ўзини яккалаш тартибларига янада қаттиқроқ риоя қилиши зарур. Биз оғир даврни бошдан кечиряпмиз, чунки вирус тарқалиши жуда юқори даражага етди».

Бироқ, Бристол университети профессори Оливер Жонсон ҳамкасбининг фикрига қўшилмай, инфекция даражаси пасаймоқда деган хулосани «нотўғри ва хавфли» деб айтди. 

Аввалроқ ҳукумат Британияда вирус тарқалиш даражаси сентябрь ойи бошидаги каби сақланиб қолса, бир неча ҳафта ичида мамлакатда ҳар куни Covid-19'нинг 50 мингтагача янги ҳолати қайд этилишидан хавотир билдирган эди. 

Австралия: Виктория штати бош вазири вируссиз Рождество ваъда қилмоқда
Австралиянинг Виктория штати аҳолиси мамлакатдаги энг қаттиқ хавфсизлик чораларига риоя қилишлари керак. Ҳозирда Австралияда ушбу касалликка чалинганларнинг умумий сони 27 мингдан ортиқни ташкил этади, 900га яқин бемор вафот этган. 

Штат бош вазири Дэниел Эндрюс жамоатчиликни қаттиқ чоралар самара бераётганига ва «одатий Рождество ва одатий ёзга» умид қилиш мумкинлигига ишонтирди. Виктория штатида 1 сентябрь куни 2352та янги касалланиш ҳолати рўйхатга олинган бўлса, 1 октябрда атиги 289та ҳолат қайд этилди. 

Виктория ҳисобига, шунингдек, Covid-19'нинг 20 мингдан ортиқ ҳолати тўғри келади, бу Австралияда аниқланган умумий ҳолатлар сонининг учдан икки қисмини ташкил этади, шунингдек, мамлакатда қайд этилган ўлим ҳолатларининг эса 90 фоизи ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. 

Ҳиндистон мактаблари очилмоқда, аммо беморлар сони ортиши тўхтагани йўқ
Ҳиндистонда 15 октябрдан бошлаб кинотеатрлар, кўргазма заллари ва бошқа маданият марказларига ташриф буюришга рухсат берилади, аммо ташриф буюрувчилар сони икки баробар камайтирилади.

Шу куни мактаб ва коллежлар ҳам очилади. Бироқ, якуний қарорни қабул қилиш маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига қолдирилган бўлиб, улар чекловлар юмшатилиши қанчалик хавфсиз бўлишини ўзи белгилаши керак. 

Ҳиндистонда, шунингдек, диний маросимларга мажбурий равишда ниқоб кийиш ва кириш жойида тиббий назорат қилиш шарти билан боришга рухсат берилади.

30 сентябрда Ҳиндистонда Covid-19'га чалиниш билан боғлиқ 80 мингта янги ҳолат қайд этилди ва эпидемия бошланганидан бери аниқланган умумий ҳолатлар сони 6 миллиондан ошди. Бу инфекция тарқалиши бўйича дунёда АҚШдан кейинги иккинчи давлат.

Дунёда яна нима содир бўляпти
Британия 1 октябрь куни Мерсисайд (Ливерпуль ва унинг атрофидаги шаҳарларни ўз ичига олган ҳудуд) ва Уоррингтон, Ҳартлепул ва Мидлсборо шаҳарларида янада қатъийроқ карантин чораларини жорий этди. Ушбу ҳудудларда касалланиш сонининг кескин ўсиши давом этмоқда. Янги чекловларга бошқа-бошқа уйларда истиқомат қилувчи одамлар билан ҳар қандай ёпиқ биноларда, масалан, қовоқхона ва ресторанларда алоқа қилишни тақиқлаш киради. 

30 сентябрда коронавирусдан 424та янги касалланиш ҳолати қайд этилган Шимолий Ирландияда ҳам янги чеклов чоралари қўлланиши мумкин. 

Covid-19'га чалиниш ҳолатлари сони ҳар 100 минг кишига 263тага етганидан кейин Парижда ресторанлар ва барлар ёпилиши мумкин. Шу билан бирга, 1 октябрь куни Парижнинг олти ой давомида ёпиқ бўлган машҳур Crazy House кабареси қайта очилди. Томошабинлар сони 250 кишидан 150 кишига камаяди. 

Словакияда ижтимоий масофани сақлашнинг иложи бўлмаган жойларда ниқоб тақиш мажбурийлиги жорий этилди. 

БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти Лотин Америкаси давлатлари Covid-19 пандемияси туфайли 34 миллионга яқин иш жойини йўқотганини маълум қилди. 

Германия ҳукумати фуқароларга Европанинг 11 давлатига фақат зарурат бўлганда саёҳат қилишни маслаҳат берди. Ушбу рўйхатга Бельгия, Исландия, шунингдек Бирлашган Қиролликнинг айрим ҳудудлари, хусусан, Уэльс ва Шимолий Ирландия киритилган. 

Жанубий Африка касалланиш ҳолатлари кўп бўлган мамлакатлар, жумладан Россия, Буюк Британия, АҚШ ва Франциядан келувчи сайёҳларнинг мамлакатга киришига ҳали ҳам рухсат бермаяпти.

Назокат Қаршиева
Тайёрлаган Назокат Қаршиева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид